Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Меҳмонларга ўзимизнинг волонтёрлар хизмат кўрсатди

Маълумотларга кўра, ҳозирда ер юзидаги 100 га яқин мамлакатда йирик профессионал волонтёрлик ташкилотлари мавжуд. Бугун мамлакатимизда ҳам ушбу замонавий ижтимоий ҳаракат ривожланиб бормоқда. Буни юртимизда муҳим саналар ва байрамлар муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда, халқаро форум ва анжуманларда ёки жамият ҳаётидаги муҳим воқеалар мисолида кўриб турибмиз.

Жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 16-18 май кунлари Самарқандда ўтказилган 32-йиллик йиғилишида ҳам волонтёрлар фаол иштирок этди.

Қайд этилишича, мазкур анжуманга 498 нафар таржимон волонтёр сифатида жалб қилинган бўлиб, уларнинг 248 нафари Самарқанд давлат чет тиллар институти, 202 нафари “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети талаба ва магистлари, ёш ўқитувчилари ҳисобланади.

– Самарқанддаги тадбирларда 2,5 минг нафар киши қатнашди, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Илҳомжон Тўхтасинов. – Албатта, бундай катта таркибдаги форум қатнашчиларига хизмат кўрсатиш осон эмас. Уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш, юртимиз ва анжуман ҳақидаги тушунчасини кенгайтиришда ташкилотчилар билан бирга волонтёрларнинг хизмати катта бўлди. Гарчи институтимиз талабалари ва ёш ўқитувчилар бундай тадбирларда доимий қатнашиб келса-да, ҳар бир анжуманнинг мавзуси, келадиган меҳмонлар таркибидан келиб чиқиб, алоҳида тайёргарлик талаб этилади. ЕТТБ йиғилиши учун минглаб таржимонлар орасидан саралаб олинган волонтёрларимиз иштирокида бир неча марта семинар-тренинглар ташкил этилди. Бу тадбирларда, аввало, мазкур банк ва унинг фаолияти, дунёдаги бугунги геосиёсий вазият, молиявий сиёсат, мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар натижалари, Самарқанднинг ўтмиши ва бугунги куни ҳақида батафсил маълумот берилди. Анжуман тўғрисида махсус йўриқномалар, волонтёрлар учун алоҳида кийим-бош тайёрланди.

Тадбир кунлари волонтёрларимиз аэропорт ва вокзалда, меҳмонхоналар ва тарихий обидаларда, анжуман ўтказиладиган масканларда иштирокчиларга беминнат хизмат кўрсатди, уларга ҳамроҳлик қилди. Улар фаолиятини мувофиқлаштириш учун “Конгресс ҳолл” мажмуаси, Самарқанд давлат чет тиллар институти, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университетида штаблар ташкил қилинди ва жараёнда вужудга келган камчиликлар ва муаммолар ўз вақтида бартараф этиб борилди.

Волонтёрларимизнинг бу хизматлари ташкилотчилар томонидан қўллаб-қувватланди, моддий рағбатлантирилди. Муҳими, уларнинг халқаро даражадаги делегацияларга, нуфузли меҳмонларга таржимонлик қилиш борасида тажриба ва маҳорати яна ҳам ошди.