“Tax free” – туристлар учун яна бир қулайлик
Президентимизнинг шу йил 10 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан миллий солиқ тизимимизга мутлақо янги бўлган “tax free” тартиби жорий этилиши белгиланди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хўш, ушбу тартиб хусусида нималар биламиз? “Tax free” – чет эл фуқаролари томонидан мамлакат чегарасини кесиб ўтишда харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизими. Дунё тажрибасидан маълумки, “tax free” савдо ва сайёҳликни ривожлантиришнинг муҳим механизмларидан саналади. Бугунги кунда дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатида ушбу тизим йўлга қўйилгани эътиборга молик.
Она диёримиз юксак туристик салоҳиятга эга. Чунончи, узоқ ўтмишдан гувоҳлик берувчи тарихий обидаларимиз, боқий анъана ва қадриятларимизни ўзида уйғунлаштирган ранг-баранг урф-одатларимиз, мафтункор она табиатимиз ҳар қандай чет эллик сайёҳни ўзига оҳанрабодай тортиши табиий.
“Tax free” тизимининг йўлга қўйилиши эса сайёҳлар оқимини янада оширишга хизмат қилиши баробарида савдо-сотиқ ҳажмини кенгайтириш имконини беради.