Регистон майдонида “Матонат” фильми ижодкорларини тақдирлаш ва “Баҳодир Ялангтўш” бадиий фильмининг тайёргарлик тақдимоти бўлиб ўтди

Кинематография агентлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остида вилоятимиз бўйлаб “Кинокарвон” аксияси доирасида Регистон майдонида киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар, фильмлар тақдимоти ва намойиши ўтказилди.

Унда кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов ҳамда ўзбек кино санъати вакиллари, ижодкорлар иштирок этди.

Ижодий учрашув аввалида 101 ўзбек аскари жасоратига бағишланган “Матонат” ҳужжатли фильми ижодкорларини тақдирлаш маросими бўлди. Шунингдек, буюк саркарда, Самарқанд фарзанди Баҳодир Ялангтўш қаҳрамонлиги ҳақидаги “Баҳодир Ялангтўш” бадиий фильмининг тайёргарлик тақдимоти ўтказилди.

- Ушбу фильмга тайёргарлик жараёни биздан катта масъулият талаб қилади, - дейди фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов. - Негаки, бу нафақат мамлакатимиз, балки жаҳонга машҳур саркарда ҳаёти ва фаолияти ҳақида гап кетяпти. Тайёргарлик жараёнида тарихчи олимлар ва бошқа мутахассислар билан бамаслаҳат ишлаяпмиз.

Учрашув сўнгида 2001 йил 11 сентябрь Нью-Йоркда амалга оширилган террористик ҳужумлардан сўнг, Ўзбекистон авиакомпаниясига тегишли “Боинг-757” самолёти 101-рейс экипажи кўрсатган қаҳрамонлик ҳақида ҳикоя қилувчи “101-рейс” бадиий фильми намойиши бўлиб ўтди.