Репортаж: Даҳбед шаҳарчасидаги кўча таъмири қачон тугайди?

Оқдарё туманидаги Даҳбед шаҳарчасини кесиб ўтган йўлнинг 2 километри реконструкция қилиняпти.

Бу иш “New Тech Samarqand” МЧЖ корхонасининг қурувчилари томонидан бажариляпти.

Икки томонлама 4 қаторли мазкур йўл бугунга келиб бутунлай янгича қиёфа касб этмоқда. Шу пайтгача 24 метр бўлган йўлнинг кенглиги 36 метрга етказилди. Икки томонлама уч қаторли йўл, 2,5 метр пиёдалар ва велойўлаклар бунёд этилмоқда. Шунингдек, йўлнинг четида 2 метр яшил майдон ва гулхона ташкил этиляпти. 

- Ҳозиргача йўлнинг ўнг тарафида 2 километрга яқин эски очиқ бетон ариқчалар ўрнига ёпиқ канализация қувурлари ташланди, - дейди “New Тech Samarqand” МЧЖ корхонаси иш бошқарувчиси Илҳом Яхшибоев. – Ҳудуднинг ҳар 30 метрига биттадан тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш ишлари бошлаб юбордик. Қарийб 4 минг метр электр кабель тортилиб, 120 дона тунги чироқлар ўрнатилади.   

Пайариқ тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг 30 нафардан зиёд ишчилари йўлнинг қарийб беш юз метр қисмига канализация қувурлари ўрнатмоқда.

Катта йўл ёқасидаги сув оқова тармоқлари махсус техникалар ёрдамида бостирилиб, мустаҳкамланмоқда. Ҳар 10 метрда кўчадаги сувлар оқиб кириши учун махсус туйнук қилинмоқда.

Йўлнинг бир қисмидаги яроқсиз қопламалар олиб ташланиб, бир қават асфальт қуйиш ишлари якунланди.

Йўлнинг икки четида жойлашган 20 дан зиёд ноқонуний қурилмалар ўрнига 2 метрлик девор тортилди. Ҳозирда улар бўялиб, тартибга келтирилмоқда. Ариқлар устига бетон кўприклар ўрнатилмоқда. 

Қурилиш ишлари якунланиши билан ҳудуддаги транспорт қатнови изга тушади, тирбандликнинг олди олинади ва кўчалар янгича қиёфа касб этади.

Мазкур ҳудуддаги ишлари йил якунигача тугалланади.

 Дилмурод Тўхтаев.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.