Республика маҳаллалар кенгаши, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Нуроний” жамғармаси ва “Оила” маркази фаолларининг МУРОЖААТИ

Ҳурматли юртдошлар!

Муҳтарам отахон ва онахонлар!

Қадрли ёшлар!

Жонажон Ўзбекистонимиз миллий тикланишдан миллий юксалиш сари комил ишонч билан катта йўлга чиқди. Мамлакатимизнинг ҳар бир туманида, ҳар бир чекка ҳудудида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар биримизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашимизга қаратилгани айни ҳақиқатдир. Шу сабабли ҳам орамизда томошабинлар камайиб, ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари кўпайиб бораётир.

Бироқ бунинг ўзи етарли эмас. Ҳар биримиз ўзимизга савол берайлик: бизнинг мана шу шиддатли ўзгаришларга дахлдорлигимиз қандай? Халқимизда шукроналик кайфиятини уйғота олаяпмизми?

Нега айрим оилаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик йўқолиб, муносабатларга манфаат, тама қўшилаётир? Нега ўз боласининг тарбиясига лоқайд ота-оналар кўпайиб бораётганига индамай қараб турибмиз?!

Бизда азалдан ота оиланинг устуни бўлиб келган. “Ота рози – худо рози” демаганми халқимиз? Унда нега оилаларда отанинг ўрни йўқолиб боришига индамай қараб турибмиз?! Ижтимоий-маънавий муҳитда парокандалик, оилавий муносабатларда мувозанатнинг бузилаётгани, оилавий ажралишлар, жиноятлар, мулкий можароларни оталар кўрмаяптиларми? Эшитмаяптиларми?

Эр хотинига, хотин эрига қасд қилишига нега бефарқ қараб турибмиз? Фарзанд отасига, онасига, ака-укасига қўл кўтариши биз учун уят эмасми?! Бундан етти пуштига тавқи-лаънат келмайдими? Ўз боласини сотмоқчи бўлган айрим номуносиб оналар бизнинг ғуруримизни, оримизни топтамаяптими? Энг ёмони, биз нега бу аянчли манзараларни кўришга ўрганиб бораяпмиз?!

Бугун йигит-қизларимиз мустақил ҳаётга тайёрланмай, ҳаётга кириб келмоқда. Турмуш қуришаяпти. Бунинг оқибатини тобора ошаётган ажримларнинг сони кўрсатиб турибди.

Бегонага эргашмайлик!

Биз бошқаларга эргашган эмас, эргаштирган миллатмиз. Афсуски, бугун тўй-ҳашам, маросимларимизда ҳам беъмани орзу-ҳаваслар, ота-боболаримиз амал қилган урф-одатларга ҳурматсизлик, ортиқча расм-русумлар, дабдабабозлик, бегона “урф-одатлар”га кўр-кўрона эргашиш нимаси?

Қачондан буён меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ тушунчалари бизга бегона бўлиб қолди? Ёшларимиздаги бефарқлик, масъулиятсизлик, ишдан қочиш каби иллатларга қачонгача томошабин бўлиш мумкин?! Ота-оналарнинг боласи қаерда, ким билан, нима қилаётганига қизиқмаслиги Яратганнинг ўзи берган неъматга ношукрлик эмасми?!

Бу иллатларга барҳам бериш маҳаллалардаги ҳар биримизнинг нуронийлик, отахонлик, онахонлик ва албатта, фуқаролик бурчимиздир. Аждодлар олдидаги бурчимиз, Миллий юксалиш бизлардан шуни талаб этмоқда.

Азиз ватандошлар!

Миллатни чалғитаётган, мамлакат тараққиётига тўғаноқ бўлаётган иллатларга жамоатчилик назоратининг танқид найзаси билан биз – ўзимиз чек қўймас эканмиз, емирилган оилалар, етим қолган гўдаклар, кўчада қолган муштипар оналар, бир қориндан талашиб тушган ака-ука, опа-сингилларнинг турмуш жиноятларини йўқотиб бўлмайди.

Азизлар!

Болаларимиз бахтини исрофгар тўй, сарпо, тоғораларга алмашмайлик! Оилаларда арзимас икир-чикирлардан бошланиб, ажралиш билан тугайдиган, норасида гўдакларни “тирик етим” қилувчи жанжалларга сабабчи бўлиб қолишдан тўхтайлик!

Тўйларни давримизга, юксак миллий маданиятимизга мос, маърифатли, ортиқча дабдабаларсиз, ихчам қилиб ўтказайлик. Меҳнат билан топган маблағларимизни тежаб, болаларимиз келажагига сарфлайлик!

Келинглар, оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигини амалда йўлга қўяйлик. Ҳаммамиз бирлашиб, “Бир болага етти қўшни ота-она” эканлигини амалда кўрсатайлик!

Ҳар соҳанинг ўз илми бор. Тарбияга педагогик илм ва масъулият билан ёндашиб, аждодлар ўгитларидан, халқ мақолларидан ўринли фойдаланайлик.

Мир Алишер Навоийнинг

Илм ила олам юзин обод қил,

Хулқ ила одам элини шод қил!

деган сўзлари ёшларимиз учун маёқ вазифасини ўтайдиган вақт келди. Эртага кеч бўлиши мумкин.

Азиз маҳалладошлар!

Қабристонларга эътиборсизлик – ота-боболаримизга ҳурматсизлик саналади. Шундай экан, хайрли ва савобли ишларга ҳар биримиз виждонан ҳисса қўшайлик! Қилган ишларимизни бу оламни тарк этган бобою бувиларимиз,
ота-оналаримиз, яқинларимиз тириклигида қилган хизматларимизнинг давоми бўлсин, деб ният қилайлик!

Келинг, ҳар биримиз мана шундай хайрли, савоб ишларда ишбоши, бир-биримизга елкадош бўлайлик! Бу йўлда
қўни-қўшниларимиз, касбдошларимиз, жамоадошларимиз,
маҳалла-кўйга ибрат бўлайлик!

Биз ишонамиз!

Ватанимиз Ўзбекистон 2030 йилда албатта дунёнинг ривожланган давлатларидан бири бўлади. Бу ўзимизга боғлиқ. Бунинг учун ҳар биримиз жонкуяр, фидойи ва Ватанга садоқат билан хизмат қилишимиз лозим. Бу ҳақиқатни дунёнинг энг ривожланган давлатлари тарихи тасдиқлаб турибди.

Уйимизда ҳам, маҳалламизда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам маънавий поклик учун курашайлик! Огоҳ, бирдам, аҳил бўлайлик!

Тинчлигимиз, хотиржамлигимизни, миллий бирлигимизни, соғлом ўзбекона маънавий муҳитимизни кўра олмайдиган ҳар қандай бузғунчига қарши муросасиз курашайлик!

Бугун ҳар бир жамоат ташкилоти ўз фаолиятини танқидий таҳлил этиб, ҳамкорликнинг янги, амалий босқичига чиқиши зарур. Бунинг учун жамоат ташкилотларининг, аввало, энг қуйи бўғинларни уйғотишимиз шарт. Бунда албатта, сиз, ижтимоий фаол ватандошларимизнинг фидойилигингизга таянамиз.

Унутмайлик!

Ўзимиз аҳил бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, муаммоларни ечмасак, ҳеч ким четдан келиб уларни ҳал қилиб бермайди.