Республикада ягона консервация ва реставрация лабораториясида музей ходимлари учун илмий-амалий семинар ташкил этилди

Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Музей аёшларини реставрация қилиш ва тиклаш ишларининг долзарб муаммолари ва уларнинг ечимлари” мавзусида республика  илмий-амалий семинари ўтказилди.

Унда Маданият вазирлиги вакиллари, республика музейларида фаолият кўрсатаётган илмий ходимлар, реставраторлар иштирок этди.

Мазкур илмий-амалий анжуман бежиз Самарқанд шаҳрида ташкил этилмади. Бу ерда жорий йилда Жанубий Корея ҳамда Ўзбекистон Республикалари ўртасида имзоланган “Ипак йўли маданий меросини тадқиқ этиш ва сақлаш”га доир меморандум асосида замонавий консервация ва реставрация лабораторияси ташкил этилганди.

- Ушбу амалий семинар республикамиздаги барча музей ходимлари учун муҳим саналади, - дейди Камолиддин Беҳзод номидаги милий рассомчилик ва дизайн институти Музейшунослик кафедраси мудири Камола Нишонова. –  Сабаби яқин йилларда музей таъмирловчилари, яъни реставраторлар учун бундай семинар ташкил этилмаганди. Деярли барча музейларимизда археологик ашёлар кўп. Бугунги амалий семинар ҳам айнан ушбу ашёларни таъмирлаш жараёнлари, музей ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиш, меъёрий ҳужжатлар билан танишишга кенг имкон яратади. Шу билан бирга республикамиздаги ягона лабораторияда амалий машғулотларнинг ўтказилиши вилоятимиз музейлари фаолият юритаётган таъмирловчилар учун ҳам катта тажриба бўлади.

Амалий семинарда  иштирокчилар “Музей ашёлари ва коллекцияларини реставрация ва консервация қилиш тартиби”, “Металл буюмларни кимёвий тозалаш ва консервация қилиш”, “Сопол буюмларини таъмирлаш усуллари, “Қоғоз ашёларини тозалаш ва таъмирлаш” каби мавзуларда  маърузалар тинглади.

-  Маданий мерос объектларининг бугунги аҳволи қандай, деб савол берсангиз, зўр ёки яхши аҳволда деб жавоб бериш қийин, - дейди Навоий вилояти Сармишсой давлат музей-қўриқхонаси директори Рамазон Эгамов. – Марказий  Осиёда 3 минг йиллик, 10 минг йиллик маданий меросимиз бор. Йиллар ўтгани сайин бу маданий мерос ашёлари табиий, антропоген ва бошқа таъсирлар туфайли эскиради. Томошабин диққатини тортиш даражаси пасайди. Уларни асл ҳолатига келтириш учун замонавий таъмирлаш устахонаси зарур эди.  Тўғрисини айтганда, шу вақтгача бизда махсус лаборатория бўлмагани учун вилоятларимиздаги музейларда фаолият юритаётган ҳар бир реставратор ўзларининг билим даражасида нодир асарларни таъмирлаб келаётган эди. Гоҳида хато таъмирлаш ишлари ҳам бўларди. Самарқандда ушбу лабораториянинг очилиши  маданий, миллий меросининг узоқ йиллаб, асл холида сақланишига, реставраторлар томонидан аниқ ишлов берилишига замин яратади.

Маданият вазирлиги бош мутахассиси маълумотига кўра, музейларнинг аксарият экспонатлари таъмирталаб. Шу вақтгача музейларда ашёларни таъмирлаш учун маблағ масаласи муаммо бўлган бўлса, эндиликда ҳар битта ашёни таъмирлаш учун маблағ ажратиш режалаштирилган. Шунингдек, музейлар таъмирловчи ходимларининг чет элда тажриба алмашиши ҳам йўлга қўйилади.