Россияда 100 нафардан ортиқ ўзбекистонликнинг паспорти олиб қўйилиб, мажбурий меҳнатга жалб этилгани аниқланди

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги бош консуллиги ходимлари Ташқи меҳнат миграция агентлиги вакиллари билан ҳамкорликда Россиянинг Урал федерал округида мажбурий меҳнатга жалб этилган ўзбекистонликларнинг ватанга қайтишига кўмаклашган.

Бош консулликдан олинган маълумотларга кўра, шу йил октябрь ойида Ўзбекистон фуқаролари Х.С., Б.С., У.Д. Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Екатеринбург шаҳридаги вакилига мурожаат қилиб Свердловск вилоятидаги «Рефтинская птицефабрика» корхонаси иш берувчилари бир гуруҳ ватандошларнинг фуқаролик паспортларини олиб қўйганини ҳамда ойлик маошларини бермасдан мажбурий тарзда ишлатиб келаётганини маълум қилган.

Ватандошларнинг мурожаатлари асосида олиб борилган суриштирувларга кўра, жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Москва вилоятида рўйхатдан ўтган «Константа» МЧЖ 100 нафардан ортиқ ўзбекистонликни Свердловск вилоятидаги йирик товуқ етиштириш хўжалигига олиб келган. Мигрантлар Россияда вақтинча бўлиш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилмасдан ишга жалб этилган.

Ватандошлар билан мулоқот давомида улар 2 ой давомида ойлик маошларини олмагани, фуқаролик паспортлари тортиб олингани аниқланган.

Корхона раҳбарияти билан олиб борилган музокаралар натижасида 53 нафар ўзбекистонликнинг фуқаролик паспорт олиб берилган ва уларга ватанга етиб олиши учун кўмак кўрсатилган. Қолганлар эса Екатеринбург, Москва ва бошқа шаҳарларида қонуний тарзда ўз фаолиятини давом эттириш истагини билдирган.