Россияда содир бўлган ЙТҲда Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

Мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2020 йилнинг 16 февраль куни “Челябинск–Троицк” трассасида, Челябинск вилояти ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 2 киши, жумладан, Ўзбекистон фуқароси З.С. вафот этди, дея маълум қилди ТИВ.

Бош консулхона вазиятни назоратга олди ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг ваколатхонаси билан биргаликда марҳумнинг жасадини ватанга жўнатиш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалаларни ҳал қилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти ЙТҲ муносабати билан ҳамдардлик изҳор этади ҳамда Россиянинг Урал федерал округи ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: +7 343 276 31 66, +7 343 272 31 33.