Россиялик шифокорлар самарқандликлар билан тажриба алмашди
Самарқанд шаҳридаги даволаш ва тақсимлаш марказида айни пайтда коронавирус билан касалланган 627 нафар бемор даволанмоқда. Уларга 120 нафардан ортиқ врач ва ҳамширалар тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Бугун мазкур даволаш муассасасига Россия Федерациясидан тиббиёт ходимлари келиб, ўзаро тажриба алмашди.
Уфа шаҳридаги тиббиёт маркази бўлим бошлиғи, реаниаматолог Евгений Сырчин раҳбарлигидаги шифокорлар самарқандлик ҳамкасбларининг COVID-19 инфекциясини юқтирган беморларни даволаш бўйича олиб бораётган фаолияти билан яқиндан танишди. Коронавируснинг турли штамлари билан оғриган кишиларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, даво муолажалари, хасталик асоратлари билан курашиш борасидаги ишлар юзасидан ўзаро тажриба алмашишди.
– Марказда беморлар учун яратилган шароит, дори-дармон ва озиқ-овқат таъминоти россиялик ҳамкасбларимизга манзур бўлди, – дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Бобожонов. – Хусусан, замонавий тиббий жиҳозлардан фойдаланаётганимиз беморларнинг қисқа фурсатда саломатлигини тиклаши, пневмания ва бошқа асоратларнинг олдини олишга хизмат қилаётганини эътироф этишди. Бугунги кунда марказга тушаётган беморлар анча камайиб, тузалиб оиласи бағрига қайтаётган юртдошларимиз сони кўпаймоқда. Яъни, ҳозирда кунига 100 нафарга яқин беморнинг соғайишига эришилмоқда. Касаллик билан келиш эса 50 нафар атрофида бўлиб турибди. Яна бир эътиборли томони, авваллари марказга тушган беморнинг соғайиши учун камида 10-12 кун вақт кетган бўлса, ҳозир бир ҳафтада саломатлигини тиклаяпти. Бунда албатта, дори-дармон ва тиббий жиҳозлар таъминоти билан бирга аҳолининг вакцинациялаш жараёнига эътиборли бўлгани ҳам муҳим омил ҳисобланмоқда.