Рус шоҳларига нисбатан қўлланилган “Оқ пошшо” атамаси қаердан пайдо бўлган?
Руснинг биринчи шоҳи Иоанн IVни, Россияда “Грозний” (ғазабли, даҳшатли), деб аташади. Ғарб мамлакатларида унинг шафқатсизлиги ҳақида турли афсона ва ривоятлар мавжуд. Бу ўринда, Иван Василевич ўз тахаллусини ҳақли тарзда олганига шубҳа йўқ.
Бироқ Урал, Сибир, Марказий Осиё ва Мўғулистонгача бўлган ҳудудни эгаллаган Шарқ мамлакатларида Иван Грознийни ва ундан кейинги рус шоҳларини “Оқ пошшо”, деб аташган. Жумладан, ҳозирги кунгача Ўзбекистон ҳудудида Россиянинг тарихий шоҳларига нисбатан “Оқ пошшо” (Александр I, Николай II ва бошқа рус шоҳлари) атамаси қўлланилади. Хўш, бундай атама қаердан пайдо бўлган?
Тарихдан маълумки, Москва князи Иван Василевич Грозний шоҳ мақомини қабул қилиб, Россиянинг биринчи ҳукмрони бўлган. Россияга шоҳ мақоми Византиядан кириб келган (“царь” - лотинча “цесарь”, “цезарь” сўзларидан олинган). Византияда православ империяси (Киев князликлари) ҳукмронларини айнан “цесарь”, деб аташган.
Иван Грозний 1552 йилда Қозон хонлигини забт этиб, Олтин Ўрда салтанатининг сўнгги “парчасини” тўлиқ йўқ қилганидан кейин унинг шоҳ мақомига лойиқлигига Шарқ халқларида ҳеч қандай шубҳа қолмади. Бундан ташқари, Грозний она томондан Чингизхоннинг узоқ авлоди эканлиги, унга шоҳ мақоми берилишига замин бўлди.
Қозон хонлиги Москва давлатига қўшиб олингач, Урал ва Поволожянинг кўплаб халқлари рус шоҳининг қўл остига ўтди – татарлар, бошқирдлар, чувашлар ва бошқа халқлар. Кейинчалик рус ерларига Сибир хонлиги, Аштархонийлар хонлиги ҳудудлари ҳам қўшилди.
Юқорида кўрсатилган, туркий халқлар истиқомат қиладиган ўлкан ҳудудларда Иван Грознийни “Оқ пошшо (подшо, шоҳ)”, дея аталди. Чунки у Олтин Ўрда вориси эди. Ғарбдан – Москвадан туриб давлатни бошқарарди. Туркий халқларда қадимдан дунё томонлари ранг рамзлари билан ифодаланган. Унга кўра, шарқ – кўк, жануб – қизил, шимол – қора ва ғарб – оқ ранг билан ифодаланган. Яъни, оқ подшо ёки ғарбдаги шоҳ, ғарбий шоҳ тушунчасини берган. Шу тариқа “оқ пошшо” ибораси, Шарқ халқлари томонидан барча рус шоҳларига нисбатан қўлланиладиган бўлди.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.