Рустамжон Бош вазир ўринбосаридан китобга дастхат олди

Самарқанд туманида яшовчи Рустамжон Аҳрорқулов икки йил аввал “Ёш китобхон маскани”ни ташкил этган, шу йил март ойидан эса “Дастхатли китоблар кутубхонаси” лойиҳасини амалга оширишни бошлаган эди.

Ёш китобхонлар учун таниқли шахслар, муаллиф тилаклари битилган китобларнинг қадри баланд бўлади, деб ҳисоблайдиган қаҳрамонимиз яқинда Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевдан кўпчилик севиб ўқийдиган бадиий китобга дастхат ёздирди.

- Лойиҳанинг мақсади дастхат қўйилган китоблардан иборат кутубхона яратиш, - дейди лойиҳа муаллифи Рустамжон Аҳрорқулов. - Лойиҳада ўтмишдан то бугунга қадар ота-боболаримиз, устозу йўлбошчиларимиз, айниқса идеал шахс деб билган кишиларимиз томонидан кейинги авлод учун қолдирган нодир асарларни йиғиш, маънавий озуқа сифатида инновацион усуллар ёрдамида ёшларимизга тортиқ қилиш мақсад қилинган. Ҳар бир инсонинг касбу коридан қатъий назар ёшлигидан тасаввурида ўзи севадиган идеал шахси ё ҳавас қиладиган кишиси бўлади. У мухлис ўлароқ унга ўхшашга интилади, ўз навбатида албатта ундан дастхат ва тилаклар ёзилган китоб олишни хоҳлайди, табиийки ушбу китоб қайси мавзу ё йўналишда ёзилган бўлмасин уни китобни ўқишга ундайди. Лойиҳа биз билмаган лекин бизга мухлис бўлган инсонларни ҳаёт йўлини топиши, ўз олдига қўйган мақсадига эришиши учун туртки бўлади, деб ўйлайман.

Яқинда Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳамда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев самарқандлик ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил қилди. Учрашувда туман ва шаҳарлардан ташриф буюрган ташаббускор ёшлар қаторида Рустамжон Аҳрорқулов ҳам иштирок этди. У иштирокчиларга ўз лойиҳаси ҳақида қисқа, лўнда қилиб гапириб берди. Лойиҳа Бош вазир ўринбосари ва Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директорига маъқул бўлди.

Шундан сўнг Рустамжон ўзининг кутубхонаси учун Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев томонидан дастхат ва тилак ёзилган китобларга эга бўлди.

Тўлқин Сиддиқов.