Сабрли ва ҳамжиҳат халқ пандемияни енга олади

Йил аввалида Хитойда пайдо бўлган коронавирус инфекцияси қисқа вақт ичида деярли барча давлатларни қамраб олди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан пандемия дея номланган ушбу касаллик бутун дунё аҳлининг саломатлигига ва давлатлар иқтисодиётига ўта салбий таъсирини кўрсатди. Айни пайтда дунёнинг бир қатор ривожланган давлатларида ҳам нарх-навонинг кўтарилиши, озиқ-овқат тақчиллиги ва ишсизлик даражасининг кескин ошиб кетиши кузатилмоқда.

Ўзбекистонга коронавирус инфекцияси кириб келганлиги аниқланиши ҳамоноқ ҳукуматимизнинг махсус комиссияси томонидан қатъий карантин тадбирлари эълон қилинди. Энг аввало, барча даражадаги таълим даргоҳлари, аҳоли гавжум бўладиган объектлар, буюм бозорлари, йирик кўнгилочар марказлар, базмгоҳлар ва умумий овқатланиш шахобчалари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Кейинчалик эса вилоятлараро ва йирик шаҳарларда шахсий транспорт воситалари ҳаракатлари чекланди. Барча оммавий ахборот воситалари, расмий ижтимоий тармоқларда аҳолининг уйда қолиши юзасидан талаб ва тавсиялар ёритиб борилди.

Тезкорлик билан кўрилган чора-тадбирлар, жонкуяр тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида аҳоли ўртасида инфекция тарқалишининг салбий оқибатлари сезиларли равишда камайтирилди. Бироқ, коронавирус пандемияси кўплаб давлатларда бўлгани каби мамлакатимиз иқтисодиёти ва аҳоли даромадларига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.

Карантин даврида давлатимиз раҳбари аҳоли томорқасига асосий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, одамларнинг уйда қолганлиги томорқаларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришда қўл келади. Бу борада Нарпай туманидаги вазият таҳлил қилинганда, 35 мингга яқин хонадондаги 2685 гектар томорқага барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари экилиб, 60150 тонна маҳсулот олиниши кўзда тутилмоқда. Демак, фуқароларимиз уйда қолиб, зерикмасдан ўз томорқасини обод қилади ва бу ҳаракат қисқа вақтда рўзғорига даромад келтиради.

Юртбошимиз яна шундай ташаббус билдирдики, карантин тадбирлари давомида ва унга қадар фаолиятини тўхтатган ёки кам қувватда ишлаётган ишлаб чиқариш корхоналари ишини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилди. Шунга мувофиқ, туманда ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан 175 та саноат корхонаси бирма-бир мониторинг қилиниб, корхоналар ҳолати бўйича 5 хил (0, 25, 50, 75 ва 100 фоиз) қувватда ишлайдиган таснифларга бўлиб чиқилди. Уларга кўмак берган ҳолда ишлаб чиқариш қувватини босқичма-босқич ошириб бориш натижасида бюджетга солиқ тушумлари ошиб бормоқда. 800 дан ортиқ иш ўринлари тикланди. Агар ушбу рақамларни республика миқёсида кўрадиган бўлсак, олиб борилаётган ишлар шунчаки қилинмаётганлигини исботловчи ижобий рақамлар юзага чиқади ҳамда бу ҳам давлатимиз иқтисодиёти барқарорлигига асос бўлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 23 апрелида илгари сурилган энг муҳим ташаббус бу “Саховат ва кўмак” умумҳалқ ҳаракати ташкил этилиши бўлди. Юртдошларимиз эса ушбу ташаббусга “лаббай” дея жавоб беришди. Ўзбек халқи қадимдан хонадонида бирор-бир таом тайёрласа ёки тандирида нон ёпса биринчилардан бўлиб қўшниларига улашган. Бу одат даврлар мобайнида қадрият шаклига кириб борган. Тарихнинг оғир кунларида, уруш, қаҳатчилик ва турли касалликлар тарқаган даврда хам ўзбек хали бир-бирини ташлаб қўймаган. Шундан келиб чиқиб, бугун кўп синовларни бошидан кечирган тажрибали ва ҳамжиҳат халқимиз камбағал, ночор, яшаш шароити оғир бўлган ҳар бир фуқарони 3 ойгача ҳомийлигига олган ҳолда ёрдам қўлини чўза бошлади. Бунда, айниқса, ўрта ва йирик тадбиркорларимиз алоҳига ўрнак бўлишмоқда. Эътиборли томони ҳукуматимиз саховат кўрсатаётган тадбиркорларимизнинг амалга ошираётган ишларини инобатга олиб, уларга солиқ имтиёзлари ва молиявий кўмак кўрсатиб борилишини маълум қилди.

Мухтасар айтганда, “бирлашган ўзар” нақлидан келиб чиқиб ҳаракат қилаётган ҳамжиҳат ўзбек ҳалқини қисқа муддат ичида коронавирус пандемиясини енгиб, янада жипслашган ва янада қудратли ҳолатда асл ҳаёт тарзига қайтишига шубҳа йўқ.

Шерзод РАҲМОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиси, Нарпай тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари.