Самарқанд аҳолиси қачон марказлашган иссиқлик тизимидан фойдаланади?
Очиғини айтганда, деярли ҳар йили ана шу савол билан мутасаддиларга юзланамиз ва ҳар доим ижобий жавоб оламиз: тизим тикланади!
Самарқандда иссиқлик тизимини тиклаш борасидаги лойиҳалар 2015 йилдан бери айтиб келинади. Бир сафар мутасаддилар соҳага давлат дастури асосида катта маблағ ажратилишини маълум қилса, бошқа гал масъуллар тизимни тиклаш учун катта миқдорда хорижий маблағ жалб этилаётганини айтиб, келгуси йил албатта, иссиқлик тизими ишлашига ваъда беради. Бироқ неча йилки, соҳани оёққа турғазиш ҳақидаги режалар ҳеч амалга ошмайди.
Мутахассислар 30 йил давомида бу соҳага йирик инвестиция киритилмагани, тармоқлар эскириб, ишдан чиққани, худди шундай, қозонхоналар ҳам аллақачонлар “ёшини ўтаб бўлганини” айтишди.
Соҳа истеъмолчилар томонидан ҳам, ОАВ томонидан ҳам «беармон» танқид қилинди, кўплаб раҳбарлар ишдан олинди, аммо ўзгариш бўлмади. Марказлашган иссиқлик тизимидан фойдаланиладиган кўп қаватли уйлар сони йил сайин камая борди. Айни вақтга келиб Самарқанд шаҳрида марказлашган иссиқлик таъминотидан фойдаланаётган кўп қаватли уйлар 13 тани ташкил этади. Бугунги ҳақиқат ана шу!
Танқид ўз йўлига. Бугунги мақолада вилоят “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси, умуман, тизимдаги реал вазият билан танишиб ўтамиз.
Самарқанддаги энг йирик, ўз вақтида аҳолининг катта қисмини иссиқлик билан таъминлаган қозонхона бу - сиз суратда кўриб турган РК-2 иншооти ҳисобланади. Ушбу қозонхона 1962 йилда қурилган. Яъни, бундан 62 йил олдин қурилган. Бир вақтлар мана шу иншоотнинг ўзи Регистондан Сартепагача бўлган (кўп қаватли уйлар ва корхона ташкилотларни иссиқлик билан таъминлаган: 381 та кўп қаватли уйдаги 22 мингга яқин хонадон иситилган. Йиллар давомида иссиқлик трассаси, ички тармоқлар ва иншоотнинг ўзи эскириб, ишдан чиқа бошлаган, шу давр мобайнида тармоқлар деярли янгиланмагани сабабли иситиладиган уйлар сони тобора қисқариб бораверган.
Охирги марта бу қозонхона 2016 йилда шаҳарнинг Сартепа мавзесидаги уйларга иссиқлик берган. Ўша йили совуқ кунларнинг бирида электр токидаги узилиш сабаб сувлар музлаб, ҳудуддаги тармоқлар ҳам ишдан чиққани айтилади. Хуллас, кичик бир авария сабаб бу ҳудуд ҳам марказлашган иссиқликдан маҳрум бўлганди.
Кейинги қозонхоналар тарихи ҳам шунга ўхшаш, шаҳарни иссиқлик билан таъминлаган яна уч қозонхонанинг иккитаси 1973 йилда, яна биттаси 1974 йилда қурилган. Шундан кейин мана, ярим аср ўтиб ҳам шаҳарда йирик марказлашган қозонхона қурилган эмас. Қурилмагани майли, борлари ҳам ўз вақтида модернизация қилиниб, сақлаб қолинмади.
Маълумотларга кўра, ўтган йиллар давомида «Иссиқлик манбаи» балансидаги айрим мулклар вилоят Кенгаши қарори билан хусусий тадбиркорларга бериб юборилган ҳолатлар ҳам бoр...
Хўш, юқоридаги асосий савол: Иссиқлик таъминоти тикланадими?
- Шаҳардаги энг йирик РК-2 қозонхонасини модернизация ва реконструкция қилиш учун Жаҳон банки томонидан 30 миллион доллар ажратилган бўлиб, тендер савдолари ўтказилган ва пудратчи ташкилотлари томонидан қурилиш ишлари амалга оширилмоқда, - дейди “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси мутахассиси Жамолиддин Ҳусанов. - Бу ишлар якунлангач, шаҳар бўйлаб 381 та кўп қаватли уй, 22 та ижтимоий соҳа объекти иссиқлик билан тўлиқ таъминланади. Фақат ушбу қозонхона ҳамда тармоқлар модернизация ва реконструкцияси 2026 йилда тўлиқ якунига етади.
Мутахассиснинг маълум қилишича, шаҳардаги йирик қозонхоналардан яна бири — РК-1 модернизацияси айни вақтда тугатилган, фақат эндиликда эскирган тармоқларни янгилаш ва аҳоли хонадонларига улаш жараёнлари давом этмоқда. Тез орада ушбу ишлар якунига етиб, 93 та кўп қаватли уй марказлашган иссиқлик тармоғига уланади. Таҳририят албатта, бу жараён якунини ҳам кузатиб боради.
Умуман олганда, бугунги кунда иссиқлик таъминоти билан боғлиқ вазият шундай: вилоят “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси тасарруфида 13 та қозонхона ишлаб турибди. Улардан бири (асосийси) Нуробод туманида бўлиб, 94 та кўп хонадонли уй ва 20 та ижтимоий соҳа объектига иссиқлик беради. Самарқанд шахрида жойлашган яна 12 та иншоот эса локал қозонхона бўлиб, асосан 2-3 тадан объектга иссиқлик етказади.
Мазкур қозонхоналар куз-қиш мавсумида жами 112 та кўп қаватли уй-жойлардаги 3048 хонадон ҳамда 38 та ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик энергиясини етказиб бермоқда.
Кўриб турганингиздек, асосий умид эндиликда фойдаланишга топширилиши кутилаётган йирик қозонхоналардан. Улар ишга тушгач, энг йирик аҳоли манзилларида муаммо ҳал этилиши мумкин. Шу билан бирга, табиий газ ва электр энергияси сарфи ҳам сезиларли камайиб, ушбу тизимлардаги зўриқишлар олди олинади. Ҳамма гап лойиҳаларнинг бу сафар охиригача боришида.
Дарвоқе, мутасаддига кўра, жойларда барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида қозонхоналар ҳам фойдаланишга топширилмоқда. Масалан, Булунғур туманида қуриб битказилган қозонхона аллақачон 10 та кўп қаватли уйга иссиқлик етказмоқда. Қолган объектлар ҳам ишга тушса, иссиқликка уланиши маълум қилинди. Худди шундай Ургутдаги “Янги Ўзбекистон” массивида уйлар иссиқлик тизимига уланиши кўзда тутилган.
Йирик шаҳарларда иссиқлик тизими бўлмаса, қандай оқибатлар юзага келишини аччиқ тажрибамиздан биламиз (куз-қиш мавсумидаги газ босими пасайиши ортидан ёғиладиган шикоятлар, ёниб кетган трансформаторлар ва ҳоказо). Шундай экан, туманларда ҳар йили кўп қаватли уйлар қурилаётгани ортидан таклифимиз шу: бундай аҳоли масканлари албатта, иссиқлик қозонхоналари билан бирга топширилиши шарт.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ, оператор.