Самарқанд давлат архиви ташкил этилганига бир аср бўлди

Самарқанд шаҳар ёшлар марказида вилоят давлат архиви ташкил этилганлигига 100 йил тўлгани муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Унда соҳада узоқ йил фаолият кўрсатган фахрийлар, шаҳар ва туман архивлари ходимлари, ёшлар иштирок этди.

Тадбирда архив тарихи ҳамда унинг фаолияти, сақланаётган уч асрлик тарихни эслатувчи ҳужжатлар, қўл ёзмалар, газеталар ҳақида маълумот берилди. 

Учрашувда “Ўзархив” агентлиги директори ўринбосари Ҳусан Исаев тадбир иштирокчиларига агентлик томонидан юборилган табрикномани ўқиб эшиттирди. Шунингдек, тадбир давомида вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Абдували Маманазаров, вилоят давлат архиви директори Шавкат Мавлонов, тарихчи Бахтиёр Эргашев томонидан Самарқанд архиви тарихининг ўзига хос хусусиятлари ва унда ишлаган фахрийларни ёдга олди.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда вилоят давлат архивининг фонди фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга оид ҳужжатлар ҳамда тарихий-маданий ёдгорликларни акс эттирувчи суратлар билан бойитиб борилаётгани ҳам айтиб ўтилди. 

Ижодий мулоқот тарзида ўтган тадбир якунида соҳада узоқ йил ишлаган ва ҳозирда фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ходимларга самарали меҳнати, архив иши ривожига қўшган ҳиссаси учун “Ўзархив” агентлигининг ташаккурномалари билан тақдирланди ҳамда эсдалик совғалари берилди. Ёшлар маркази фойесида тарихий ва ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Ҳусан Элтоев.