Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида 3 та илмий каталог нашрдан чиқди
18 май - Халқаро музейлар куни арафасида Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида 3 та илмий каталог нашр этилди ва музей-қўриқхонада нашр этилган каталоглар сони 11 тага етди.
Таъкидлаш лозимки, каталог тизимлаштирилган рўйхат, бир мавзуга оид ашёлар жамланмаси, музей коллекцияларини ўрганиш ва тизимлаштириш бўйича илмий ишлар натижасидир. Каталоглаштириш музей илмий ишининг энг муҳим босқичларидан бири бўлиб, музей коллекцияларининг каталогларини тузиш санъат асарларини ҳужжатлаштиришга, уларни илмий муомалага киритишга, шу билан маданий мерос объектларини сақлашга ёрдам беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 майдаги “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2022-2023 йилларда музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Ушбу дастурда музейлар соҳасини тарғиб қилиш ва оммалаштириш назарда тутилган бўлиб, ҳар бир музей йилда камида бир донадан ўзининг ноёб ашёлари ва коллекциялари каталогларини яратиши ҳамда нашр қилиб, китоб дўконларида уларнинг сотувини йўлга қўйиши кўзда тутилган. Шу мақсадда 2022 йилда музей-қўриқхонада “Тасвирий санъат дурдоналари”, “Амир Темур мақбарасининг ўрганилиши тарихидан” каби бир нечта каталоглар, жорий йилда “Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи”, “Эргаш Жуманбулбул ўғли ёдгорлик музейи” номли каталоглар нашрдан чиқарилди.
Жорий йилнинг 25-26 май кунлари Маданий мерос агентлиги томонидан Самарқанд шаҳрида “Музейшунослик ва археология тадқиқотлари: долзарб муаммолар ва замонавий ечимлар” халқаро форуми ҳамда унинг доирасида илмий-амалий конференция, “Буюк ипак йўли” тадқиқотлари” кўп жилдли каталог тақдимоти ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тадбирда биринчи марта Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси томонидан нашр этилган каталоглар тақдимоти ўтказилади.
Зокир ЖАЙНАРОВ, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси маркетологи.