Самарқанд давлат музейига ўта ноёб қадимий экспонатлар сотиб олинди
Самарқанд шаҳрида “Миллий меросга менинг ҳиссам” умумхалқ акцияси доирасида харид қилинган ашёлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Жорий йил 1 июлдан аҳолидаги маданий бойликларни давлат музейлари томонидан қабул қилиб олишни рағбатлантириш ва оммалаштиришга қаратилган умумхалқ акцияси ўтказилмоқда. Мазкур акция доирасида ҳар йили давлат музейларига маданий бойликларни харид қилиш учун маҳаллий бюджетдан 500 миллион сўмдан маблағ ажратилиши белгиланган.
- Ушбу ажратилган маблағ ҳисобидан музей илмий ходимларининг вилоят ва республика бўйлаб илмий экспедициялари ташкил этиляпти, - дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси директори ўринбосари Маҳмудхон Юнусов. - Экспедициялар натижасида 600 га яқин тарихий ва бадиий қимматга эга ноёб ашёлар топилди ва улар музей учун харид қилинди.
Кўргазмада Пайариқ тумани ҳудудидан топилган милоддан аввалги II асрга оид сакларнинг бронза қозони, милоддан аввалги II асрдан милодий XIV асрга тааллуқли 41 дона бронза ойна коллекцияси, XI асрга тегишли, асосан Қорахоний Иброҳим ибн Насрнинг 180 дона кумуш танга коллекцияси, Чиғатой хонларининг 236 дона динор ва дирҳамлари, ўндан ортиқ ранг-тасвир асарлари, шунингдек, тарихий либослар, кашта, фотоаппарат, уй-рўзғор буюмлари, ипак гиламлар, заргарлик маҳсулотлари намойиш этилди.
Ушбу тарихий ашёлар кўргазма иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Хусусан, милоддан аввалги II асрга оид сакларнинг бронза қозони ва қорахонийларга тегишли ноёб тангалар хориждаги соҳа мутахассисларининг ҳам эътиборини тортган.