Самарқанд давлат тиббиёт институти битирувчи талабаларига электрон диплом берилди
Самарқанд давлат тиббиёт институти юртимизда карантин эълон қилиниши билан ўқув жараёнлари масофавий таълимга ўтказилди. Бунда 2013 йилдан бошлаб таълимда Moodle кредит тизимида ўқишга ёрдам қилиб келаётган moodle.sammi.uz сайтидаги электрон шаклда барча турдаги дарсликлар тўпламидан фойдаланиш қўл келди.
Мамлакатимиздаги тиббий-эпидемиологик ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлигининг 97-сон буйруғи асосида Республиканинг барча тиббиёт олий таълим муассасалари каби Самарқанд давлат тиббиёт институти даволаш, педиатрия, тиббий педагогика факультетлари бакалавр ҳамда магистратура ва клиник ординатура ихтисосликлари бўйича битирувчилар жорий йилнинг 10-20 апрель кунлари якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширди. Магистратура талабалари эса масофадан туриб Zoom платформаси орқали ўз диссертация ишларини ҳимоя қилиб, муддатидан аввал ўқишни битирди.
Институт бўйича 438 бакалавриат, 76 нафар магистратура ва 328 нафар клиник ординатура йўналишларида таҳсил олаётган талабалар ўқишни муваффаққиятли якунлади.
Битирувчиларга даставвал диплом ўрнини босувчи электрон маълумотномалар берилди. Дипломларни телеграм ижтимоий тармоғида махсус яратилган бот орқали онлайн тарқатилиши йўлга қўйилди.
Битирувчиларнинг 90 фоизи олий тиббий таълим ҳақидаги диплом, аввалдан аниқ манзилли тузилган шартномаларга асосан республиканинг турли тиббиёт бирлашмаларига ишга жойлашди.
Одилбек АҲМЕДОВ.