Самарқанд давлат тиббиёт институтида талабалар учун халқаро онлайн олимпиада бошланди
Бугун Самарқанд давлат тиббиёт институтида тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларининг “Самарқанд - 2020” халқаро онлайн олимпиадаси бошланди.
Онлайн олимпиадада Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг тиббиёт олийгоҳларидан жами 27 талабалар жамоаси, 2000 дан ортиқ талабалар иштирок этди.
Тадбир иштирокчи жамоаларнинг ижодий қутловидан бошланди. Сўнгра жамоаларнинг ижодий чиқишлари ва илмий ишларининг тақдимоти ўтказилди. Халқаро онлайн олимпиаданинг асосий иши турли мамлакатлар тиббиёт олий ўқув юртлари вакилларидан иборат бўлган шўъбаларда давом этди.
Жамоалар томонидан 80 дан ортиқ ижодий ишлар ва 140 дан ортиқ илмий маърузалар тақдим қилинди. Уларни баҳолаш учун Корея, Япония, Польша, Беларусь, Россия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳлари ва илмий-текшириш институтлари етакчи олимлари ҳамда профессор-ўқитувчиларидан ташкил топган ҳайъат фаолият олиб борди.
Тадбирда 23 та фан бўйича 1500 га яқин талабалар ўзаро баҳслашди. 400 нафарга яқин магистр ва клиник ординатор талабалари 13 та фан бўйича билимларини синадилар.
Талабалар халқаро онлайн олимпиадаси 2 кун давом этади.
СамДТИ ахборот хизмати.