Самарқанд давлат университети талабалари Уфада ўқишини давом эттириши мумкин
Самарқанд давлат университетида Россия Федерациясининг Уфа давлат нефт-техника университети проректори Наиль Чанышев ва халқаро алоқалар бўлими ходимлари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Самарқанд давлат университети талабаларига Уфа давлат нефт-техника университети ҳақида олинган видеолавҳа намойиш этилди. Сўнгра Н.Чанышев университетдаги шарт-шароитлар ҳақида гапириб, бакалавриатни битираётган талабаларга магистратурани Уфада давом эттиришни таклиф қилди. Албатта, бу таклиф талабаларда қизиқиш уйғотди. Талабалар томонидан грант асосида магистратурада ўқиш мумкинми, деган савол берилди.
- Албатта, хорижлик талабаларга грант асосида ҳам ўқиш имконияти берилади, - деди Н.Чанышев. – Фақат бизда имтиҳонлар июнь ойида бўлиб ўтади. Талабгорлар онлайн тарзда ҳужжат топширишлари мумкин.
Давра суҳбатида талабаларни қизиқтирган саволларга уфалик профессор-ўқитувчилар батафсил жавоб беришди.
Самарқанд давлат университети ва Россия Федерацияси олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда.
Хуршида Эрназарова.