Самарқанд дўстлик чорраҳасидаги шаҳар

Мамлакатимизда 140 га яқин миллий маданий марказлар фаолият юритса, 100 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда.
Самарқанд вилоятида рўйхатдан ўтган марказлар сони 11 тани ташкил қилади. Улар миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.
Хусусан, корейс, арман, татар-бошқирд, немис, яҳудий, поляк, тожик, рус, турк, озарбайжон миллий маданий марказлари ҳамкорлиги учун ҳам шароит мавжуд. Яъни, ушбу марказлар барча шароитларга эга бўлган "Дўстлик уйи"да фаолият кўрсатади.
Бугунги кунда мазкур маданий марказлар ўз фаолиятларини фаол олиб бориб, турли тадбирлар, хайрли ишлар қилмоқда.
Миллий маданий марказлар қошида ташкил этилган рақс, ашула ва чолғу ансамбллари эса турли миллат маданиятини янада ривожлантириш ва келгуси авлод вакилларига етказишда жуда муҳим ўринни эгаллайди. Хусусан, Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Самарқандда фаолият олиб бораётган немис миллий маданий маркази томонидан тадбир ўтказилди.
- Бир неча миллат вакилларининг бир мамлакатда тотув истиқомат қилиши ўша давлатнинг бағрикенг сиёсати, барча миллат вакилларига ўзаро ҳурмати натижасидир, - дейди Самарқанд немис миллий маданий маркази раҳбари Наталья Кайзер. - Шу юрт фуқароси сифатида 2017 йилда "Шуҳрат" медалига сазовор бўлганимдан фахрланаман. Бугун Самарқандда истиқомат қилаётган юзлаб немис диаспораси вакиллари билан миллий байрамларни доим ўтказиб борамиз.
Кеча Халқлар дўстлиги куни муносабати билан "Конигил" туристик қишлоғида байрам тадбири ўтказдик. Миллий куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилди. Қолаверса, хотин-қизларимиз немис миллий каштачилик намуналарини намойиш қилдилар. Болалар дўстлик мавзуида суратлар чизишди.
Шунингдек, диаспорамиз 3000 йиллик Самарқанд қоғози ишлаб чиқиш жараёни билан ҳам яқиндан танишди.
Самарқанд азалдан кўп миллатли шаҳар сифатида эътироф этилиб, аҳоли бир неча миллат вакилларининг дўстона, ўзаро ҳурмат муҳитида яшашга кўниккан. Шунинг учун бўлса керак, бу ерда урф-одат, анъаналар ҳам қоришиқ, бири бирини тўлдириб, уйғунлаштириб, авлоддан авлодга ўтиб бораверади.