Самарқанд – ер юзининг сайқали, маънавият ва маърифат маркази

Самарқанд шарқ ва ғарбни боғловчи йўллар чорраҳасида жойлашган, кўплаб тамаддунлар, динлар ва илм-маърифат оқимларининг туташган нуқтаси сифатида тарихга муҳрланган. Минг йилликлар давомида Самарқанд маънавий ва маданий тафаккур маркази бўлиб хизмат қилган.

Самарқанд ҳақидаги маълумотлар қадимги сўғд, юнон-рим ва хитой манбаларида, шунингдек, археологик ва этнографик тадқиқотлар ҳамда халқ оғзаки ижодида ҳам ўз аксини топган. Бу манбалар орқали шаҳарнинг тарихий келиб чиқиши, этник таркиби, маданий-маънавий ҳаёти ва унинг ўзига хос тамаддуний ўрни ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Самарқанд  жаҳоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, 2700 йилдан зиёд тарихга эга. Милоддан аввалги IV асрдан милодий VI асргача Самарқанд Суғд давлатининг пойтахти сифатида хизмат қилган. Хитой тарихчиси Чжан Сян, юнон ва римлик тарихчилар Арриан, Курсий Руф ва бошқа кўплаб муаллифларнинг асарларида бу ҳақда ёзиб ўтилган. Жумладан, Рим тарихчиси Квинт Курсий Руф (мил. ав. I аср охири - мил. I аср)нинг маълумотларига кўра, Самарқанд  шаҳрининг девор айланаси тахминан 10,5 км ни ташкил этган.

Милоддан аввалги 329 йилда Александр Македонский қўшинлари шаҳарни эгаллаб, катта вайронагарчиликка сабаб бўлган. Қадимги юнон ва рим манбаларида Мараканда, Марганда ва Марганди шаклларида қайд этилади. Бу юнон ва лотин тилларида “Самарқанд” сўзининг ўзгарган шакли бўлиб, тарихий ҳақиқатга нисбатан яқин ҳисобланади. VI аср ўрталари ва VII аср бошидан Самарқанд Турк хоқонлиги таркибига кириб, маҳаллий ҳокимлар томонидан бошқарилган. Қалайи Муғ тоғидан топилган сўғдий ҳужжатларда шаҳар Самаркант номи билан учрайди. Бу даврда шаҳар Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Византия каби йирик давлатлар билан савдо алоқалари олиб борган. Хитойнинг қадимги ва ўрта аср йилномаларида Самарқанд шаҳри, унинг атрофи ва ҳукмдорлари турли шаклларда тилга олинган. Бу манбаларда Самарқанд “Кан”, “Самоган”, “Лимоган”, “Сивингин” ва “Саймаеркан” каби вариантларда қайд этилган. Ушбу атамалар, эҳтимол, хитой манбаларининг маҳаллий номларни ўз фонетик тизимига мослаштириб ёзиш натижасида вужудга келган бўлиб, тарихий топонимик таҳлил учун муҳим манба ҳисобланади.

712 йили Қутайба ибн Муслим бошчилигидаги араб қўшинлари Самарқандни забт этган. Ат-Табарийнинг маълумотига кўра, араблар шаҳристонда масжид ва минбар қурган, маҳаллий аҳолидан тортиб олинган қимматбаҳо буюмлар, хусусан, олтин ва кумушдан ясалган бутларни эритиб, халифалик марказига олиб кетган. Араблар Самарқандни “Самарой” деб атаганлар. IX–XII асрларда Мовароуннаҳрда ҳокимиятни турли сулолалар бошқаради. Жумладан, маҳаллий заминдорлардан Сомонийлар сўнгра Қорахонийлар, Салжуқийлар сулоласи қўлига ўтган. Бу даврда Самарқанд Қорахонийлар давлатининг муҳим сиёсий ва маданий марказларидан бирига айланди.

XI асрда яшаб ўтган йирик алломалар Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Қошғарий “Самарқанд” атамасига тилшунослик нуқтаи назаридан таҳлил берганлар. Уларга кўра, “Самарқанд” номи “Семизкент”, яъни “семиз қишлоқ” ёки “бой шаҳар” маъносини англатувчи сўздан келиб чиққан бўлиб, вақт ўтиши билан фонетик ўзгаришга учраган. Бу ерда “семиз” сўзи улкан, катта, маънавий ва иқтисодий бойлик маъносида қўлланилган.

1220 йилда Чингизхон бошчилигидаги мўғул қўшинлари Самарқандга бостириб кириб, шаҳарни вайрон этди, кўплаб аҳолини қириб ташлади ва тирик қолганлар шаҳарни тарк этди. Шунингдек, бир неча йил ўтгач, Самарқанд аста-секин қайта тиклана бошлади. XIII асрнинг иккинчи ярмида бу шаҳарга ташриф буюрган венециялик сайёҳ Марко Поло уни “Сармакан, Сонмаркон - катта ва машҳур шаҳар” деб таърифлаган. Мўғуллар ҳукмронлиги даврида Самарқанд Чиғатой улуси таркибида бўлган.

XIV аср охири ва XV аср бошларида Самарқанд иқтисодий, сиёсий ва маданий жиҳатдан сезиларли равишда юксалди. Амир Темур томонидан Самарқанд улкан салтанатнинг пойтахтига айлантирилди ва тез орада жаҳон миқёсида танилди. Унинг бошқаруви даврида шаҳар нафақат ҳарбий-сиёсий марказ, балки илм-фан ва маданиятнинг юрти сифатида ҳам юксак нуфузга эга бўлди. Амир Темур Самарқандни ўзгача меҳр билан қадрлади, обод қилди, дунёнинг сайқалига айлантирди. Академик, шарқшунос В.В.Бартольд таъкидлаганидек, “Амир Темур фикрига кўра, Самарқанд жаҳоннинг биринчи ва энг гўзал шаҳрига айланиши лозим эди. Бу ғоя унинг амалий сиёсатидан, қурилиш ишларига алоҳида эътибор қаратаётганидан ва шаҳар маданиятини ривожлантиришга интилишидан яққол намоён бўлади”.

Самарқанд Амир Темур ва темурийлар даврида шарқ ва ғарбнинг йирик давлатлари билан кенг савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатган. Қадимги Ипак йўлининг муҳим нуқталаридан бири сифатида шаҳар халқаро савдо ва дипломатик муносабатларда муҳим ўрин тута бошлади. Бу даврда Самарқандда кўплаб ҳашаматли ва меъморий жиҳатдан мукаммал иншоотлар барпо этилди, улар ҳанузгача ўзининг тарихий  қимматини йўқотмаган.

Амир Темур вафотидан сўнг, Самарқанд тахтига унинг набираси, буюк мутафаккир ва ҳукмдор Мирзо Улуғбек ўтирди. Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида шаҳар янада обод бўлиб, илм-фан, маданият ва меъморчилик соҳаларида янги ривож босқичига кўтарилди. Қурилиш ишлари кенг кўламда давом эттирилди, масжидлар, мадрасалар ва ободончилик объектлари вужудга келтирилди. Мирзо Улуғбекнинг илм-фанга муносабати натижасида Самарқанд ўз даврининг илмий марказига айланди. Унинг ташаббуси билан қурилган мадраса ва расадхона шаҳарнинг илм-фан соҳасидаги нуфузини жаҳон миқёсида оширди.

XV аср охирида Самарқанд учун сиёсий курашлар янги босқичга кўтарилди. Шаҳар аввал Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан бошқарилган бўлса, кейинчалик Муҳаммад Шайбонийхон ҳукмронлиги остига ўтди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида Самарқанд “Семирқанд” яъни “семиз шаҳар” номи билан аталган. Бу даврдан бошлаб, яъни XVI асрнинг охиригача Самарқанд Шайбонийлар давлатининг сиёсий ва маъмурий пойтахти сифатида фаолият юритди. Кейинги даврларда Самарқанд аввал Аштархонийлар сулоласи ҳукмронлигидаги Бухоро хонлиги, кейин эса Манғитлар сулоласи бошқарувидаги Бухоро амирлиги таркибига кирди. Аштархонийлар даврида Самарқандда ҳокимлик қилган йирик сиёсий ва ҳарбий арбоб Ялангтўш Баҳодир шаҳарнинг маданий-маърифий юзини ўзгартирадиган муҳим бунёдкорлик ишларини амалга оширди. Унинг ташаббуси билан Регистон майдонида қад ростлаган Шердор ва Тиллакори мадрасалари бунинг яққол исботидир. Ушбу меъморий обидалар нафақат ўз замонасида, балки кейинги асрларда ҳам Самарқанднинг маънавий ва маърифий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллади. Самарқанд XIX асрда баланд девор билан ўралган бўлиб, унинг Бухоро, Пайкобод, Шоҳи Зинда, Қаландархона, Сўзангарон, Хожа Аҳрор каби олтита дарвозаси бўлган. XVIII-XIX асрлар давомида Самарқанд бир неча марта ҳарбий юришлар ва ташқи босқинларга дуч келди. Бу босқинлар шаҳарнинг сиёсий барқарорлигига, иқтисодий ривожига ва демографик таркибига салбий таъсир кўрсатган, жамиятнинг ижтимоий-сиёсий тараққиётида маълум бир тўсиқлар юзага келтирган.

Шу билан бирга, Самарқанд ўзининг тарихий барқарорлиги ва маданий салоҳияти туфайли бу оғир синовларни енгиб ўтиб, ўз мавқеини сақлаб қолишга муваффақ бўлган. Хусусан, 1723-1730 йилларда жунғорлар босқини Самарқандда кенг миқёсда вайроналар ва катта талафотларга сабаб бўлди. Бу босқин шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятини кескин заифлаштириб, аҳоли сонининг қисқариши ва демографик тартибнинг бузилишига олиб келди. Натижада, Самарқанднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсир кўрсатган бу давр мамлакат тарихида оғир кунлар сифатида қолди. 1740-1747 йиллар орасида Самарқанд Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ Афшор ҳукмронлигига тобе бўлди. Бу даврда шаҳар сиёсий жиҳатдан Эрон таъсири остида бўлган бўлса-да, унинг сиёсий-иқтисодий, маданий ҳаёти тўлиқ сўнмаган. Аксинча, тарихий тажриба ва маҳаллий анъаналар таъсирида Самарқандда маънавий ҳаёт муайян даражада сақланиб қолди.

1868 йили Самарқанд Россия империяси қўшинлари томонидан истило қилинди ва Зарафшон округи таркибига қўшилди. 1886 йили мазкур округ расман Самарқанд вилояти деб қайта ташкил этилди ва шаҳар унинг маъмурий ҳамда савдо марказига айланди. Бу даврда шаҳарнинг шаҳарсозлик ва инфратузилмавий тизимида янги босқич бошланди: замонавий типдаги бинолар қурила бошланди, саноат корхоналари барпо этилди ва шаҳар тартибли равнақ йўлига тушди. 1917 йил 5 декабрь куни Октябрь инқилобининг таъсирида Самарқандда ҳокимият совет ҳокимияти қўлига ўтди. Орадан кўп ўтмай 1918 йил 11 апрелда Самарқандда шўроларнинг вилоят съезди бўлиб ўтди ва унда Туркистон Мухтор Республикасини тузиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу воқеа минтақада янги сиёсий тузилманинг шаклланишида муҳим қадам бўлди.

1925 йилдан 1930 йилга қадар Самарқанд Ўзбекистон АССРнинг пойтахти вазифасини бажарди. Бу даврда шаҳар маъмурий, илмий ва маданий марказ сифатида кенг ривожланди, янги таълим муассасалари, илмий муассасалар ҳамда маданий муассасалар фаолияти кучайтирилди. 1991 йили Ўзбекистон Республикаси мустамлакачилик сиёсати асоратларидан халос бўлиб, мустақилликка эришгач, Самарқанд мамлакатнинг йирик тарихи-маданий марказларидан бири сифатида янада улкан аҳамият касб эта бошлади. У ўзининг бой илмий, маънавий ва маданий мероси орқали миллий ўзликни тиклаш ва мамлакатнинг маънавий эҳтиёжларини қондиришда муҳим ўрин эгаллади. Олим А.И.Тереножкин 1945–1948 йилларда олиб борган археологик тадқиқотларига таянилган ҳолда Самарқанднинг 2500 йиллик тарихга эга эканлигини илмий асосда белгилаган. Шу асосда 1970 йилда шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, археологик қазишмалар ва илмий тадқиқот ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида халқаро ҳамкорлик ривожлантирилди. Жумладан, франциялик машҳур шарқшунослар ва археологлар - Пол Бернар ва Франс Грене ҳамда ўзбекистонлик таниқли олимлар - профессор М.Исомиддинов, А.Анорбоев ва тадқиқотчи А.Отахўжаевлар билан ҳамкорликда кенг қамровли археологик ишлар амалга оширилди. Бу тадқиқотлар натижасида Афросиёб тепалигида жойлашган энг қуйи маданий қатламлар ўрганилиб, милоддан аввалги IX–VII асрларга оид археологик артефактлар аниқланди. Афросиёбдан топилган ушбу ашёлар Францияда радиокарбон тадқиқот усули ёрдамида таҳлил қилинди ва уларнинг ёши тахминан милоддан аввалги VIII асрга, яъни 2750 йил олдинга тегишли экани илмий жиҳатдан тасдиқланди.

Самарқанд тарихан Марказий Осиёнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тутиб келган. Унинг Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани шаҳарнинг савдо-иқтисодий ва ҳунармандчилик салоҳиятининг юксалишига катта туртки берган. Самарқандда қадимдан шойи тўқиш, машҳур Самарқанд қоғози ишлаб чиқариш, кулолчилик, темирчилик, новвойлик, қандолатчилик, бадиий каштачилик каби ҳунармандчилик соҳалари тараққий этган. Бу ҳунар турлари шаҳар маҳаллаларининг номларида ҳам ўз аксини топган, масалан, “Сўзангарон” (игна тайёрловчилар), “Камонгарон” (ўқ-ёй ясаш усталари) каби топонимлар бугунги кунгача сақланиб қолган. Бу эса Самарқанднинг моддий ва номоддий мероси қанчалик узоқ тарихга эга эканини яна бир бор тасдиқлайди. Шу боис, ўрта асрларда шарқ оламида кенг тарқалган ва кенг маънога эга бўлган иборалардан бири, “Ғарбда Рим, Шарқда Самарқанд” бу шаҳарнинг жаҳон тамаддунида тутган ўзига хос ва бетакрор ўрнини ифодалайди. Самарқанд ва Рим инсоният тарихи ва маданиятига кўрсатган буюк таъсири туфайли “Боқий шаҳарлар” мақомига сазовор бўлган. Шунингдек, халқ оғзаки ижодида сақланиб келаётган “Самарқанд сайқали рўйи замин аст”, яъни “Самарқанд ер юзининг сайқали (жилоси)дир” мазмунидаги ибора ҳам бу шаҳарнинг маданий ва маънавий юксак мақомини ифодалайди.

Ислом ҲАМДАМОВ,

Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти.