Самарқанд, Фарғона ва Хивада ярим стационар цирклар ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 январдаги “Ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш ва “Ўзбек давлат цирки” давлат муассасаси фаолиятини қўллаб қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Самарқанд, Фарғона ва Хива шаҳарларида давлат хусусий-шериклик шартлари асосида 500-700 ўринга мўлжалланган ярим стационар циркларни ташкил этиш белгиланди.

Республиканинг чекка ҳудудларида цирк дастури ва томошаларидан аҳоли, айниқса ёшларни баҳраманд этиш, уларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришларини ташкил этиш мақсадида давлат хусусий-шериклик шартлари асосида ярим стационар циркларнинг фаолиятини йўлга қўйиш учун хусусий шериклар жалб этилади.

Шунингдек, қарорга кўра цирк дастурлари ва томошаларининг бадиий савиясини ошириш ҳамда 2020 йилга қадар томошалар сонини камида 500 тагача, 2022 йилга қадар эса 1000 тагача етказиш;

2019 йил якунига қадар цирк залининг томошабинлар билан тўлиш даражасини камида 60 фоизга ва 2022 йилга бориб 75 фоизга етказиш;

театр, кино, эстрада ва бошқа санъат турларини, замонавий ёритиш ва мусиқали махсус эффектларни қўллаган ҳолда сифат жиҳатдан бутунлай янги цирк дастурларини яратиш;

машҳур хорижий цирк ташкилотларини, шу жумладан, Франциянинг «Cirque du Soleil», Хитойнинг «Чанг Лонг» халқаро цирки, Россиянинг Цветной бульвардаги «Москва цирки», «Москва катта цирки» ва бошқа шу каби циркларнинг гастролларини республикамизда мунтазам равишда ташкил этиш;

дунёнинг машҳур цирк артистлари ва мутахассисларини республикамизга таклиф этган ҳолда мастер-класс, тренинг ва тажриба алмашиш;

цирк соҳасини малакали кадрлар ва етук мутахассислар билан таъминлаш мақсадида «Ўзбек давлат цирки» давлат муассасаси ходимларини хорижий давлатларнинг цирк йўналиши бўйича олий таълим муассасаларида ўқитиш ҳамда уларнинг малакасини ошириш каби вазифалар белгилаб берилди.