Самарқандда ота алимент учун 25 минг АҚШ доллари тўлаб берди

Самарқанд шаҳрида яшовчи ота фарзандлари учун 18 ёшга тўлгунга қадар тўланиши керак бўлган алимент маблағини тўлиқ тўлаб қўйди.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2023 йил 12 февралдаги ижро ҳужжатига асосан, қарздор С.Д. ундирувчи Ш.А. фойдасига вояга етмаган икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаш белгиланган.
"Фарзандларининг моддий таъминоти ва мажбуриятларини тушунган қарздор С.Д. алимент тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган бўлса-да, фарзандлари 18 ёшга тўлгунга қадар тўланиши керак бўлган алимент маблағини собиқ турмуш ўртоғи билан келишган ҳолда олдиндан тўлаш ниятида Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд шаҳар бўлимига мурожаат қилган.
Давлат ижрочиси томонидан ҳисобланган алимент маблағи собиқ турмуш ўртоғига тўлаб берилди", дея хабар берди МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати.