“Samarqand lak bo‘yoq” МЧЖдан нега 2 миллион 230 минг сўм ундирилиши белгиланди?

Тойлоқ туманлараро иқтисодий судига “VIAKIM CHEMICAL” Ўзбекистон-Канада-Эрон қўшма корхонаси даъво ариза билан мурожаат қилиб, корхонага тегишли “801 VIAKIM CHEMICAL ОРИГИНАЛ ПВА” жамлама белгилар билан Самарқанд шаҳридаги қурилиш дўконларида жавобгар томонидан ишлаб чиқарилган елим маҳсулотлари сотилаётганлигини билдирган.

Товар белгиси билан алмаштириб юбориш даражасида унга ўхшаш бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотишни таъқиқлаш орқали товар белгисига бўлган ҳуқуқларнинг бузилишини тўхтатиш, ноқонуний ишлатилган белгиларга эга барча ёрлиқларни омбордаги товарлардан ва савдо тармоғидан олиб ташлаш, йўқ қилиш мажбуриятини юклашни сўраган.

“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси бу бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг шу турдаги товарларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилардир.

Қонуннинг 20-моддасига кўра, товар белгисига доир гувоҳнома товар белгиси сифатида талабномада ифодаланган белги рўйхатдан ўтказилганлиги фактини, товар белгисининг устуворлигини ва товар эгасининг гувоҳномада кўрсатилган товарларга нисбатан товар белгисига бўлган мутлақ ҳуқуқини тасдиқлайди.

Ҳуқуқ эгасига мутлақ ҳуқуқ асосида тегишли бўлган интеллектуал мулк объектларидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига фақат ҳуқуқ эгасининг рухсати билан йўл қўйилади.

Суднинг ажрими билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб қилинган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг ишончли вакили “Samarqand lak bo‘yoq” МЧЖ томонидан агентликка товар белгисини рўйхатдан ўтказиш бўйича талабнома топширилмаганлигини, кўриб чиқилаётган низоли товар белгиларининг ўхшашлиги, у ерда ишлаб чиқарилаётган товар белгисининг умумий кўриш таассуроти, геометрик тўртбурчак шаклларининг тартибли жойлашуви, шрифт тури ва характери аломатлари билан адаштириб юбориш даражасида ўхшашлиги аниқланганлигини билдирган.

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасининг 2014 йил 31 июлдаги кўрсатмасига кўра, “Samarqand lak bo‘yoq” МЧЖга МЧЖ шаклидаги “VIAKIM CHEMICAL” Ўзбекистон-Канада-Эрон қўшма корхонасининг товар белгисидан ноқонуний фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқаришни тўхтатиш ва савдода бўлган барча товарларни 20 кун муддатда сотувдан қайтариб олиш тўғрисида кўрсатма берилган.

Жавобгар “Samarqand lak bo‘yoq” МЧЖ раҳбари Г.Муҳитдинов ўз тушунтиришида даъво аризани қисман тан олиб, ҳақиқатдан ҳам МЧЖ томонидан даъвогарнинг маҳсулотига ўхшаш маҳсулот ишлаб чиқарилганлигини, бироқ пули қопламаганлиги сабабли ўхшаш маҳсулотни ишлаб чиқаришни 2014 йилда тўхтатганлигини, бугунги кунда ушбу маҳсулот ишлаб чиқарилмаётганлигини баён қилган.

Суд иш ҳолатлари ва юқоридаги қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво аризасини тўлиқ қаноатлантиришни, суд харажатлари масаласини муҳокама қилиб, жавобгар “Samarqand lak bo‘yoq” МЧЖдан даъвогар МЧЖ шаклидаги “VIAKIM CHEMICAL” Ўзбекистон-Канада-Эрон қўшма корхонаси фойдасига 2 миллион 230 минг 30 сўм давлат божи ва 17 минг 840 сўм почта харажатини ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Даъвогарнинг даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган қарорда, шунингдек, “Samarqand lak bo‘yoq” МЧЖ ва қўшимча жавобгар “RAXMONOV SHUXRAT CERVICE” МЧЖга товар белгиси билан алмаштириб юбориш даражасида унга ўхшаш бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотишни таъқиқлаш орқали товар белгисига бўлган ҳуқуқларнинг бузилишини тўхтатиш, ноқонуний ишлатилган белгиларга эга бўлган барча ёрлиқларни омбордаги товарлардан ва савдо тармоғидан олиб ташлаш, товар белгиси билан алмаштириб юбориш даражасида унга ўхшаш бўлган барча маҳсулотларни йўқ қилиш мажбурияти юклатилди.

Шунингдек, “Samarqand lak bo‘yoq” МЧЖдан Олий суд депозитига суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида кўрилганлиги билан боғлиқ 55 минг 750 сўм суд харажати ундирилиши белгиланди.

Ўктам МУРОДОВ,

Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси.