Самарқанд сайёҳларни чорлайди

Самарқанд мамлакатимизнинг туризм дарвозасига айланмоқда. Бугун нафақат шаҳар, балки чекка қишлоқларда ҳам туристик марказлар, сайёҳларни ўзига жалб этаётган объектлар очилмоқда.

Туризм жуда кўп соҳаларни бирлаштирадиган ва қамраб оладиган соҳа. Дейлик, маданий мерос объектлари бир неча асрлик бўлса-да, зарур инфратузилма бўлмаса, бу ерга сайёҳларни жалб қилишнинг деярли имкони йўқ. Шунинг учун бугун бу соҳада барча жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда, ҳатто энг нозик дидли сайёҳнинг ҳам талабини қондирадиган даражада шароитлар яратиш йўлида иш олиб борилмоқда.

Хусусан, шу йилнинг ўзида вилоятда қиймати 478 миллиард сўмлик 43 та туризм лойиҳаси амалга оширилди. Шундан, 25 та меҳмонхона ва жойлаштириш воситаси, 6 та экотуризм ва дам олиш объекти ва бошқа лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 600 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Нуфузли анжуманлар шаҳардан четда ўтяпти

Самарқандда ўтказилаётган ўнлаб йирик халқаро анжуманлар давомида кўпчилик сайёҳлардан ҳайрат ва ҳавас ҳиссиётлари билан йўғрилган фикрларни эшитмоқдамиз. Аммо самарқандликларнинг фикри эътиборимни тортди. Шунча давлатдан бир вақтнинг ўзида минглаб юқори мартабали меҳмонлар келяпти, аммо шаҳарда  йўллар ёпилмади, биз одатий иш кунларимизни асаббузарликсиз ўтказяпмиз, қабилидаги фикрларни кўп эшитдим. Буларнинг барчаси албатта шаҳар шовқинидан четроқда, сўлим гўшада барпо этилган “Silk road Samarqand” туризм маркази туфайлидир.  Мазкур мажмуа Самарқанд – янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси сифатида ишбилармонлик ва бизнес туризмини ривожлантиришга туртки бўлмоқда.

Марказ бугунги кунда йирик халқаро тадбирлар, бизнес форумлар ва халқаро спорт мусобақаларига мезбонлик қилмоқда.

Жумладан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бошқарувчилар кенгашининг “Иқтисодий чидамлилик ва барқарорликка инвестициялар киритиш” мавзусидаги 32-йиллик йиғилиши ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманлар муваффақиятли ўтказилди, Самарқанд дунё нигоҳида бўлди.

Ёдгорликлар реставрация қилинди

Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини янада ошириш, туризм намойиш объектлари ва уларга ёндош ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, Шоҳи Зинда мажмуаси, Биби Хоним масжиди ва мақбараси, Регистон ансамбли, Амир Темур мақбараси, Ашратхона мақбараси, Маҳдуми Хоразмий масжиди, Руҳобод мажмуаси, Хўжа Дониёр мақбараси,  Оқсарой мақбараси, Дари Занжир мажмуаси ва Самарқанд археологик тадқиқотлар институтида 14,8 миллиард сўмлик реставрация ишлари амалга оширилиб, моддий-маданий мерос объектларининг жозибадорлиги сақлаб қолинди, уларга элтувчи йўллар ободонлаштирилиб, сайёҳлар учун шароит яратилди.

Бундан бир неча йил олдин Самарқанд учун санитария-гигиена шохобчаларининг етарли эмаслиги катта муаммо туғдирар, бу масала доимий равишда эътирозларга сабаб бўларди. Бугун сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган объектларда 100 дан ортиқ санитария-гигиена шохобчалари ташкил этилди.

Сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган объектлар ва уларга туташ ҳудудлар атрофида WI-FI нуқталари ташкил этилди.

Бир кунлик харажат 80-250 АҚШ доллари

Самарқанд халқаро аэропорти реконструкция қилингач, йиллик йўловчилар оқимини 1,5 миллионга етказиш, аэропортни минтақадаги йирик хабга айлантириш мақсадида очиқ осмон режими ва бешинчи ҳаво эркинлиги ҳуқуқи жорий этилди. Бунинг натижасида    2021-2025 йиллар давомида йўловчилар сонини соатига

350 нафардан 600 нафарга ошириш, мунтазам авиақатновлари ҳафтасига 40 тадан 280 тага етказиш, йўловчилар сонини йилига 165 минг нафардан 1,5 миллион нафарга ошириш имконияти яратилди.

2022 йил давомида Самарқандга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 1,2 миллион нафарга етиб, туристик хизматлар экспорти 197,6 миллион АҚШ долларни ташкил этди.

Туристларнинг ўртача қолиш куни 2,7 кунни ва уларнинг 1 кунлик харажати 85-250 АҚШ  долларини ташкил этмоқда.

Жорий йил якунига қадар 2,1 миллион нафар хорижий сайёҳ жалб этилиб, туризм хизматлар экспорти 312 миллион АҚШ долларига  етказилиши режалаштирилган.

Сайёҳлар ташриф буюрадиган хорижий давлатлар географияси ҳам қарийиб 2 баробарга ошди, 2017 йилда 59 та давлатдан сайёҳлар ташриф буюрган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 114 тани ташкил этди.

Янги туристик объектлар барпо этилади

Жорий йил якунига қадар қиймати 1,6 триллион сўмлик 94 та инвестицион лойиҳа ишга туширилади.

Жумладан, эко-экстремал туризм йўналишида 18 та (307 млрд. сўмлик), тиббиёт ва термал туризм йўналишида 11 та  (260 миллиард сўмлик), гастрономик туризм йўналишида 36 та (105,0 миллиард сўмлик), жойлаштириш воситалари 28 та (759 миллиард сўмлик) ва шоппинг йўналишида 1 та (220 миллиард сўмлик) йирик савдо ва кўлгилочар марказлар ташкил этилади ва 1500 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Булунғурдаги Шероз қалъа ва Пайариқдаги Кўктепа ёдгорликларида “очиқ осмон музей”лари ташкил этилади

Айни вақтда ислом дунёсидан зиёратчилар ташрифини кўпайтириш мақсадида Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси қайта қурилмоқда.

Мажмуада 10 минг ўринли масжид, 21 гектар майдонда улуғ аждодларимизнинг диний мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбон, 2 та йирик ва 7 та кичик  меҳмонхона, шунингдек уч минг нафар зиёратчига хизмат кўрсатувчи “ҳалол” стандартига эга умумий овқатланиш корхоналари фаолияти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, вилоятдаги 20 дан ортиқ маданий мерос объекти реставрация қилинади.   Булунғурдаги Шероз қалъа ва Пайариқдаги Кўктепа ёдгорликларида “очиқ осмон музей”лари ташкил этилади.

Шу билан бир қаторда бугунги кунда, “Музейлар квадрати” лойиҳаси доирасида 4 та музей ва галерея, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети тизимида “Арт галерея” ва “Арт резиденция” лойиҳалари ишга туширилади. Октябрь ойида Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилотининг “Туризм академияси” таълим муассасаси ўз фаолиятини бошлайди.

Умида ХОЛБЕКОВА, вилоят туризм бошқармаси масъул ходими.