Самарқанд шаҳрида биринчи марта Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг сайёр қабули ўтказилди

Мазкур тизим бўйича вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, туризм, спорт муассасалари, маданият соҳасида иш берувчилар ҳамда касаба уюшмаси раислари билан кенгаш раиси Ш.Дехқонов иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

- Биз юзма-юз учрашувларни айнан вилоятларда иш берувчи ва касаба уюшмаси раислари билан бирга олиб бораётганимиз тизимда очиқлик, шаффофлик, адолатлилик бўлишини таъминлашга эришмоқчимиз, - дейди Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Ш.Дехқонов. – Қолаверса мулоқотларимиз орқали кўпчиликдан янгича таклифлар, тизимни ўзгартириш бўйича аниқ режаларни ҳам ўзимизги белгилаб оляпмиз. Бу албатта иш берувчи, айниқса, ишчи-ходимлар учун келгусида муносиб меҳнат шароитларини яратишга ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларни бузилишини олдини олишга хизмат қилади. Албатта, бу каби жонли мулоқотда касаба уюшма раислари ҳам ўз фикрини эркин баён этишига имкон яратиляпти. Шу орқали уларни қийнаётган муаммоларига имкон қадар ечим ҳам топяпмиз.

Тадбир давомида касаба уюшмаси тарихига, кадрларни ўқитиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Бу борада келгусида Тошкент шаҳрида касаба уюшмаси раисларини ўқувини ташкил этиш доимий йўлга қўйилиши таъкидланди. Энг муҳими, шу йил якунига қадар вилоятда 10 ташкилотни таянч ташкилотга айлантириш режалаштирилгани айтиб ўтилди. Бундан мақсад бугунги кундаги айрим бошланғич ташкилотларга ўрнак сифатида кўрсатиш ва келгусида барча бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада жонлантиришга эришиш муҳимлигини айтилди. 10-12 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрига бепул саёҳат ташкил этилаётгани айтилди.

- Афсуски биз вилоятларда юрганимизда ҳамон жамоа шартномасига панжа орасидан қарайдиган раҳбарлар борлигига гувоҳ бўляпмиз, - деди Ш.Деҳқонов. - Ҳатто ҳужжатнинг ишчи-ходимларга ва иш берувчига муҳим эканлигини ҳам билмайди, бандларини-ку ўқиб ҳам кўрмаган. Бундай ҳолатларни олдини олиш ва бартараф этиш учун, албатта сиз касаба уюшмаси раисларига суянамиз. Агар биргаликда қонун доирасида ҳаракат қилсак, бунга тезда эришамиз.

Учрашувда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмаси аъзоси, Сенатор Ф.Тошев касаба уюшмаси ҳақиқатда кейинги йиллардаги фаоллиги унинг аралашуви билан ишчи-ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланаётгини, кам таъминланганларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланаётгани, айниқса “Аёллар дафтари”дагилар билан доимий иш олиб бораётгани улар муаммолари ижобий ечим топаётгани, саёҳатлар кўплаб уюштирилаётганини таъкидлади. Албатта бу борада “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририятларида ишчи-ходимлари учун яратилган муносиб меҳнат шароитини мисол қилиб келтирди.

Тадбир якунида, энг яхши иш берувчи ташкилот раҳбарлари ва фаол касаба уюшмаси раисларига ташаккурномалар ва совғалар берилди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.