Самарқанд шаҳрида "Миллий каштачилик" II миллий каштачилик республика кўргазма-савдоси бошланди

Унда Ўзбекистоннинг барча ҳудудида каштачилик йўналишида фаолият юритаётган ҳунармандларнинг маҳсулотларини тақдим этмоқда.

- Мазкур тадбирнинг бу йилгиси Самарқандда ўтказилишида ўзига хос маъно бор, - дейди "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов. - Чунки Самарқанд кўҳна шаҳар ва бошқа ҳудудлар сингари миллий ўзбекона урф-одатлар ва қадриятларни ҳам бағрига сингдирган. Қолаверса, вилоятнинг ҳар бир ҳудудида ўзига хос миллий каштачилик удуми мавжуд. Бугун ҳунармандларимиз мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан келган каштадўзлар билан ўзаро фикр ва тажриба алмашади.

Кўргазма давомида тажрибали ургутлик Мавлуда Ҳамдамова ҳамда шу каби республикамизнинг тажрибали каштачиларининг маҳорат дарслари ва учрашувлари бўлиб ўтади.

- Ўзбекистонда қўлда тикиладиган маҳсулотларга кўпдан бери қизиқиб келаман, - дейди германиялик сайёҳ Урсула Шнайдер. - Айниқса, каштачилик минг бир машаққат билан тикилишига кўп гувоҳ бўлганман. Бугун ушбу кўргазмада қатнашаётганимдан хурсандман. Ўз юртимга турли каштачилик маҳсулотларидан харид қилиб, олиб кетаман.

Миллий каштачилик республика кўргазма-савдоси эртага ўз ишини давом эттиради.

Маълумот учун: мазкур тадбир илк бор 2018 йили Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган.