Самарқанд шаҳрида тeхник ва ичимлик суви таъминотига ўтиш учун қандай тизим яратиш керак?

 

Президентимиз томонидан шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқишнинг янги тизими ва ваколатлари белгилаб берилди. Дастлабки бош режалар замонавий талабларга жавоб бермай қолди ва қайта кўриб чиқилмади. Уларнинг асосий камчилиги янги техник имкониятларга ва бозор муносабатларига мослаштирилмаганлиги бўлиб, бу замонавий шаҳарсозлик муаммолари, шаҳарлар қурилиши ва архитектурасида ривожланиш мавзуларига катта таъсир кўрсатади.

Шаҳар ҳудудида аҳоли ва томорқа, ободонлаштирилган майдонларга сув етказиш долзарб саналади. Шу боис ичимлик ва техник учун алоҳида сув таъминотига ўтиш вақти келди. Ушбу соҳадаги давлат стандартларини қайта кўриб чиқиш ва сувдан фойдаланиш бўйича хорижий тажрибага мувофиқ, бир қувурли тизимдан икки қувурли тизимга ўтиш зарурати узоқ вақтдан бери долзарб бўлиб қолмоқда. Сувни ичимлик ва техник сувга бўлиш, шунингдек, шаҳарларни техник сув билан таъминлашда суғориш учун маҳаллий қудуқлардан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлади. Шу билан бирга, коммунал хизматларнинг юки сезиларли даражада камаяди ва истеъмол қилинадиган ичимлик суви ҳажми озаяди. Жамоат ва алоҳида ҳудудларни, барча автоювиш шохобчаларини ва бошқа саноат корхоналарини суғориш учун технологик сув учун қудуқлар қуриш керак.

Ҳозирги вақтда Самарқанд шаҳрида ичимлик суви техник эҳтиёжлар учун ишлатилади, шунингдек, шаҳар ерларини суғоришда ҳам кенг фойдаланилади. Самарқандда ер ости сув қатламлари ва қудуқлардаги сув шўр эмас, ундан суғориш учун техник мақсадларда фойдаланиш мумкин ва керак. Бугун ер ости манбаларидан техник мақсадларда фойдаланиш ва шаҳарни суғориш лойиҳасини тайёрлаш талаб этилмоқда.

Сувдан фойдаланишнинг янги тизимига ўтиш жаҳон тараққиёт даражасига мос равишда шаҳар ва аҳоли пунктларини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Янги, тасдиқланган бош режалар ва ПДПларни ҳисобга олган ҳолда шаҳарларни янада ривожлантириш аҳоли турмуш сифати ва даражасини оширишга ёрдам беради.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шаҳарсозликни ривожлантиришга қаратилган давлат даражасида стратегияни қабул қилиш, муҳандислик инфратузилмасини – коммунал тармоқлар, транспорт иншоотлари ва автомобиль йўлларини қуришнинг жадал суръатларига ўтиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Фикримизча, республиканинг йирик шаҳарлари учун ер ости коллектор туннелларини қуришга катта эҳтиёж бор. Бу келажакда йўлларнинг шикастланишидан халос бўлиш ва керак бўлганда таъмирлаш, коммунал тармоқларни ётқизиш ва алмаштириш имконини беради.

Шаҳарларни сув таъминоти соҳасида давлат стандартларини қайта кўриб чиқиш, ер ости сув таъминоти лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва хорижий тажрибага мослаштириш зарур. Бу ичимлик суви ва саноат суви таъминотини яхшилайдиган алоҳида сув таъминотини англатади. Бир марталик харажатлар бўйича у қиммат, лекин узоқ муддатли харажатлар бўйича минтақамизда фойдали ва экологик талабларга жавоб беради.

Каналлар бўйлаб ҳимоя зоналарини сақлаб қолиш муаммоси қонунчилик даражасида кўриб чиқилиши керак. Бу атроф-муҳитни сезиларли даражада тиклайди, парк ҳудудларини ривожлантиради ва шаҳар атроф-муҳитининг жозибадорлигини оширади. Ушбу қўриқланадиган зоналардаги ерларни сотиш тўғрисида қарор қабул қилиш керак. Агар бу муҳим шартлар бажарилмаса, тиклаб бўлмайдиган давлат ер фонди ва қўриқланадиган табиий ҳудудлардан маҳрум бўлишимиз мумкин.

Бош режаларни тузиш ва тасдиқлашда, транспорт оқимларини ташкил этиш ва транспорт воситалари учун тўхташ жойларини жойлаштириш масаласи, айниқса, кескин ўрганилиши лозим. Қурувчилар ва тегишли давлат органлари ўртасида микрорайонларни ривожлантириш шартларини мувофиқлаштиришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг вақти келди.

Х.ҚаюмовСамДАҚУ доценти. З.Фозиловакатта ўқитувчи.