Самарқанд шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, воқеа жойидан қочган ҳайдовчи ушланди
2019 йил 21 октябрь куни соат 11:40 лар атрофида номаълум ҳайдовчи бошқарувида бўлган оқ рангли “Ласетти” русумли автомашина Самарқанд шаҳар Али Қушчи кўчаси бўйлаб (Бедил кўчаси томондан) Буюк Ипак йўли кўчаси йўналишида бошқариб келиб, йўлни кесиб ўтаётган, 1992 йилда туғилган, Самарқанд шаҳри Хотира кўчасида яшовчи Наталья Беткинани уриб юборган.
Шунингдек, ушбу ҳайдовчи машинасида пиёдага йўл бериб тўхтаб турган “Дамас” русумли, 30Z 141 КА давлат белгили автомашинага нисбатан ҳам тўқнашув содир этиб, воқеа жойидан кетиб қолган.
Бунинг оқибатида фуқаро Н.Беткина тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалига жойлаштирилган. Ҳозирда унга тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. “Дамас” автомашинасига эса моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан қидирув-суриштирув ҳаракатлари олиб борилиши натижасида “Ласетти” русумли, 30Q 273 QA давлат белгили автомашинаси фуқаро Л.П. тегишли эканлиги аниқланди. ЙТҲ содир этилган вақтда мазкур автомашинани 2001 йилда туғилган, Ургут тумани Жартепа қўрғони, Будори қишлоғида рўйхатда туриб, ҳозир Самарқанд шаҳар Кимёгарлар қўрғонида вақтинча яшаётган Д.А. бошқаргани маълум бўлди.
Йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳайдовчилардан тушунтириш хатлари олиниб, тан жароҳати олган фуқарога судга оид тиббий экспертиза ҳамда автомашиналарга нисбатан автотехник экспертизаси тайинланган.
Самарқанд вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.