Самарқанд шаҳридаги обод хиёбонлар сони яна биттага кўпаяди

Самарқанд шаҳрининг Бухорий кўчасидаги “Суғдиёна” хиёбони айни кунларда ободонлаштирилмоқда. Анча йиллардан буён эътиборсиз қолдирилган ушбу ҳудудда вилоят ҳокимилиги ташаббуси билан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, пиёдалар ва велосипедлар учун махсус йўлаклар барпо этиляпти. Кўчага ёритгичлар ўрнатилмоқда.

Умумий узунлиги 860 метрлик хиёбоннинг бошидан охиригача йўлнинг икки тарафида 9 та спорт-соғломлаштириш заллари фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Бу ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, спорт билан доимий шуғулланиши учун яна бир имкониятдир. 

Шунингдек, бу ерда ёзги тамаддихона ва музқаймоқ павильони ҳам қурилиши режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 2 миллирад 400 миллион сўм бўлган ушбу объектда бугунгача 1 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.