Самарқанд шаҳрининг Гагарин кўчасини қайта қуриш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳолатини яхшилаш, тоннель ва йўл ўтказгичлар қуриш учун 88 та уй-жой "снос" қилинади
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ҚАРОРИ
Жамоат эҳтиёжлари учун ер участкасини олиб қўйиш бўйича тақдимот материалларини кўриб чиқиш ва ер участкасининг олиб қўйилишига рухсат бериш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги Низомга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида ўтказилган мажлис баёнлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 майдаги 415-сонли қарори, Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг 2023 йил 9 февралдаги 03-01/16, Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигининг 2023 йил 31 январдаги 01-01/27-сонли хатларига асосан турар жой мулкдорларидан ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш юзасидан тайёрланган тақдимот материалларини кўриб чиқиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6- ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг олтинчи чақириқ саксон биринчи сессияси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
- Самарқанд шаҳрининг Гагарин кўчасини қайта қуриш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳолатини яхшилаш, тоннель ва йўл ўтказгичлар қуриш ишларини амалга ошириш муносабати билан ҳудуддаги 88 та (34 779,59 кв.метр) ҳамда Каттақўрғон шаҳар «Зиёлилар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Сармозор» масжиди биносини қайта қуриш муносабати билан ҳудудда жойлашган 3 та (106,65 кв.метр) объектлар мулкдорларидан ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш юзасидан тайёрланган тақдимот материаллари маъқуллансин.
- Вилоят ҳокими ўринбосарлари (Ф.Абилов, А.Шукуров), Самарқанд шаҳар ҳокимлиги (Ф.Умаров) ва Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги (Г.Алимова) Самарқанд шаҳрининг Гагарин кўчасини қайта қуриш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳолатини яхшилаш, тоннель ва йўл ўтказгичлар қуриш ишларини амалга ошириш ҳамда Каттақўрғон шаҳар «Зиёлилар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Сармозор» масжиди биносини қайта қуриш муносабати билан иловага мувофиқ мазкур ҳудудларда жойлашган мулк эгалари билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги Низом талаблари асосида олиб қўйишга розилик берилсин.
- Вилоят ҳокими ўринбосарлари (Ф.Абилов, А.Шукуров), вилоят ҳокимлиги Ер участкалари олиб қўйилиши ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шуъбаси (Н.Қудратов), Самарқанд (Ф.Умаров) ва Каттақўрғон шаҳар ҳокимликлари (Г.Алимова)га:
Ўзбекистон Республикасининг «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сонли қарори билан тасдиқланган «Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига қатъий риоя этиш;
давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши режалаштирилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдори билан нотариал тартибда Келишув битими имзоланиши ҳамда ўрнатилган тартибда келишилган ҳолда компенсация берилиши ва ер майдонларидан белгиланган мақсадда фойдаланишини таъминлаш вазифалари юклатилсин.
- Вилоят ҳокимлиги Ер участкалари олиб қўйилиши ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шуъбаси (Н.Қудратов) ушбу қарорни ҳокимликнинг расмий сайтида, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини таъминласин.
- Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳа ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссияси (Ў.Саидмуродов) ва вилоят ҳокимининг ўринбосари (А.Шукуров) зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси Э.Турдимов
2023 йил 17 февраль