Самарқанд шаҳрининг ташландиқ ерида замонавий цемент заводи қурилди

Самарқанд шаҳрида бугунги кунда жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган цемент ишлаб чиқариш заводи ташкил этилди. Тажрибали тадбиркор Зайниддин Аҳроров бугун ички ва ташқи бозор учун муҳим бўлган цемент маҳсулотини ишлаб чиқариш заводини ишга туширди. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 300 минг тонна бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 9 миллион 195 минг АҚШ долларини ташкил қилади.

- Корхонамиз ўрни ташландиқ бир жой эди, - дейди Зайниддин Аҳроров. - Бу ерни таниб бўлмас даражада жиҳозлаб, ободонлаштирдик. Маҳсулотимизга келсак, цементимиз 23-стандартига тўла жавоб беради. 2021 йилга бориб 25-стандарт даражасида цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Айни пайтда шифер ёки мураккаб қурилиш-иншоотлар учун маҳсулотлар тайёрлашга эътибор қаратяпмиз. Келгусида бетон ишлаб чиқаришни ҳам ният қилганмиз. Ҳозир юзга яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади.

Бир кунда 1200 тонна сифатли цемент ишлаб чиқараётган корхона цехларига Хитойнинг замонавий, энергия тежамкор ускуналари олиб келиб ўрнатилди. Ишлаб чиқариш қувватининг ишга тушиши билан 120 та янги иш ўринлари яратилди. Корхонанинг ўзига хослиги шундаки, бу ерда экологик мувозанатни барқарорлаштириш мақсадида Германияда ишлаб чиқарилган 23 минг дона фильтр мосламалари ўрнатилган. Бу эса ҳавога турли чанг ва чиқиндилар чиқиб кетишининг олдини олишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда корхонада 20 нафар хитойлик мутахассислар заводнинг қолган блокларини ишга тушириш мақсадида сўнгги технологик ускуналарни ўрнатиш ва тажриба тариқасида ишга тушириш бўйича тегишли ишларни бажариб, корхона ишчиларига лаборатория, энергетика ва бошқа соҳаларда малака дарсларини ўтмоқда.

Мазкур корхона тўла қувват билан ишга тушгач, яна қўшимча 100 нафар ёшлар муқим иш жойига эга бўлади.