Самарқандда цемент ишлаб чиқариш кенгайтирилади

Вилоятда фаолият юритаётган цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 174 минг тонна цемент ишлаб чиқарилади. 2021 йил якуни билан 65 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига 1,06 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар ишга туширилади.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 мартдаги фармойишида юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасида белгиланган.

Унга кўра, цемент ишлаб чиқариш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган умумий йиллик қуввати 0,5 миллион тоннага тенг бўлган “Мараканд цемент инвест” МЧЖ инвестиция лойиҳасини белгиланган муддатда ишга тушириш учун зарур чоралар кўрилади. 2022-2023 йилларда амалга ошириладиган цемент ишлаб чиқаришни ташкил қилишга доир инвестиция лойиҳалар учун мавжуд хомашё ва энергия ресурслари тайёрланади.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг қўшилган қийматини ошириш, энергияни тежаш, ресурслардан фойдаланишни мақбуллаштириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида цемент заводлари негизида газ-бетон блоклари, қуруқ қурилиш аралашмалари, тайёр темир-бетон буюмлари ва юқори қўшилган қийматли бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.