Каттақўрғон туманида йирик цемент заводи ишга туширилди
Каттақўрғон тумани Кумушкент МФЙ ҳудудида йирик цемент заводининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Замонавий технологиялар асосида ички ва ташқи бозорни сифатли цемент маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида хитойлик инвесторлар иштирокида ташкил этилган завод йилига уч миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
38,5 гектар ер майдонида жойлашган ушбу заводни барпо этиш учун республика Миллий банкининг маблағлари ҳамда 340 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинган. Ишлаб чиқариш дастгоҳлари Хитойдан олиб келиб ўрнатилган.
Ушбу лойиҳа бўйича цемент заводининг йиллик экспорт қуввати 82 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, Европа ва бошқа хорижий давлатларга йўналтирилади. Завод ишга тушиши натижасида 600 та янги иш ўринлари яратилади ва бу иш ўринларига асосан маҳаллий аҳоли жалб қилинади.
Заводнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, туман ҳокими Жамшид Насриддинов, завод раҳбари, хитойлик инвестор Гуо Бин ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўткир Усмонов, "Каттақўрғон: кеча ва бугун" газетаси муҳаррири.