Самарқанд темирйўл техникуми ўқувчилари “WorldSkills Shanxay 2026” халқаро касблар чемпионатига йўлланма олди

27 май куни Хитойда “Rail Vehicle Technology Skill Competition” мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақанинг ёпилиш маросимида расмий натижалар эълон қилинди.

Мазкур мусобақада Самарқанд темирйўл техникуми ўқувчилари – Қодиржон Носиров ва Шербек Эшонқулов (Ўзбекистон жамоаси) халқаро даражадаги нуфузли баҳсда иккинчи ўринни эгаллади. Бу орқали улар “WorldSkills Shanxay 2026” халқаро касблар чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.

Мусобақада жами 40 та жамоа иштирок этди. Улардан 25 таси саралаш босқичига ўтди, жумладан 4 та халқаро меҳмон жамоа, уларнинг орасида Ўзбекистон вакиллари барқарор юқори натижа кўрсатиб, халқаро эътирофга сазовор бўлди.

Бу ютуқ Ўзбекистон касбий таълими тизимининг жадал ривожланаётгани ва ёшларимиз жаҳон андозаларига мос рақобатбардош салоҳиятга эга эканининг амалий исботидир.