Самарқанд туманида кредит қарздорлиги учун "MALIBU" автомашинаси хатланди
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор М.М.дан ундирувчи АТБ "Капиталбанк" фойдасига жами 291.101.710 сўм кредит қарз ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати МИБнинг Самарқанд тумани бўлими иш юритувига келиб тушган. Қарздор М.М.га тегишли бўлган гаровга қўйилган "MALIBU" русумли автотранспорт воситасига қаратиш ижро варақада кўрсатилган.
Ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга борилганда ушбу транспорт воситаси йўқлиги аниқланиб, қидирув тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ижро ҳаракатлари давомида гаровга қўйилган "MALIBU" русумли, 2022 йилда ишлаб чиқарилган енгил турдаги автотранспорт воситасига давлат ижрочисининг қарорига асосан тақиқ ўрнатилган.
"Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида М.Мухторовга тегишли бўлган "MALIBU" русумли автотранспорт воситаси шу йил 14 май куни Самарқанд туманида топилиб, давлат ижрочисининг далолатномасига асосан хатланган", дея хабар бермоқда МИБнинг Самарқанд тумани бўлим бошлиғи Эркабой Ҳасанов.