Самарқанд туманида содир бўлган ёнғин бўйича расмий маълумот берилди
- 19.05.2022 11:21
- 446
- Ҳодиса
Бугун, 19 май куни Самарқандда бир-бирига туташ 5 та хонадонда ёнғин бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, бугун соат 03:51 да Самарқанд тумани Жўйисой маҳалласидаги хонадонларда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида туман ФВБга хабар келиб тушган.
Воқеа жойига 7 та ёнғин-қутқарув экипажи ва «КамАЗ» ёрдамчи автомашинаси жалб этилган. Ёнғин чиқаётган жойга соат 04:06 да етиб борилган ва соат 05:38 да ёнғин бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида 5 та хонадоннинг тахминан 490 метр квадрат майдондаги шифт ва том қисми ҳамда уй жиҳозлари ёниб, зарарланган. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ.
Ҳозирда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда.