Самарқанд туманида субсидия маблағларини талон-торож қилган шахслар аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “E.t.” МЧЖ раҳбари Ф.Н. ва бошқалар “Янгижой” МФЙ ҳудудида олдиндан мавжуд бўлган сув қудуғини янгидан қурганликлари ҳақда ҳужжат тайёрлашган.

Шунингдек, 30 та хонадоннинг томорқаларини сув билан таъминлаб жами 177,1 млн сўмлик қурилиш ишларини амалга оширилганлиги тўғрисида сохта далолатнома тузишган.

Шу тарзда бюджетдан ажратилган 118,8 млн сўм субсидия маблағини ўзининг пластик картасига ўтказиб олиб, талон-торож қилганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дея хабар бермоқда Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.