Самарқанд вилоят давлат солиқ бошқармаси мурожаатларни эътиборсиз қолдирмайди

Вилоятимиздаги давлат солиқ идоралари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни ижроси юзасидан тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида вилоят давлат солиқ идораларига жисмоний ва юридик шахслар томонидан жами 905 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси қонун доирасида ўрганиб чиқилган.
Айтиш жоизки, солиқ тўловчиларнинг мурожаатларини қабул қилишда интерактив хизматлар имкониятларидан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида Давлат солиқ қўмитасининг “my.soliq.uz” сайтида электрон солиқ хизматлари портали ташкил қилинган бўлиб, ушбу портал орқали ўтган 9 ой давомида вилоят давлат солиқ идораларига тадбиркорлик субъектларидан 19 123 та мурожаат бўлган.
Эътиборингиз учун, мурожаатларнинг жавобсиз қолдирилмаслиги, коронавирус пандемияси даврида фуқароларнинг сарсон бўлишига йўл қўймасдан, мурожаатида кўтарилган масалаларни имкон қадар қисқа муддатда ҳал этиб, ўз вақтида жавоб қайтарилиши Давлат солиқ қўмитаси ва вилоят давлат солиқ бошқармаси раҳбариятининг алоҳида назоратига олинган. Шунингдек, солиқ тўловчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида солиқ идораларида ташкил этилган “Ишонч телефони”, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари томонидан жойларда ўтказиладиган сайёр қабуллар ҳамда унинг шахсий телеграм мессенжери орқали ҳам мурожаатлар қабул қилинмоқда.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.