Абу Райҳон Беруний Добусия қалъасида ҳам яшаган

Ўрта асрларда Добусия қалъасидан теология (дин), тилшунослик, ҳуқуқшунослик соҳаларида кўплаб олиму-уламолар, қозикалонлар етишиб чиққан.
Добусияда буюк ўзбек алломаси Абу Райҳон Беруний (973-1048) ҳам яшаганлиги қайд этилган, шунингдек, Абу Зайд Убайдулло ибн Умар ибн Исо ад-Дабуси, Зулайм ибн Ҳатит ал-Жахзами ад-Дабуси, Абу Муҳаммад Ахмад ибн Муҳаммад ибн ад-Дабуси, Абдулфатх Маймун ибн Муҳаммад ибн Абдулла ибн Бакр ибн Мажжа ад-Дабуси ва бошқалар ижод қилган.
Шулардан яна бири Шарифжон Махдум Садр Зиё (Зиёвуддинда туғилганлиги сабабли унга Зиё тахаллуси берилган) тараққийпарвар олим, Бухоро амирлиги қозикалонларидан бўлган. У 1867 йил 2 февралда Бухоро амирлигига қарашли Зиёвуддин қишлоғида Абдушукур қози оиласида дунёга келган. 1917 йилда Бухоро губернатори вазифасида ҳам ишлаган. Отаси Муҳаммад Абдуш Шакур Оят Бухоро амири Музаффар даврида кўп давлатларда элчи, амирлик туманларида қози, айнан Зиёвуддин беклигининг ҳам қозикалони лавозимида ишлаган. Бу шахс ижодий фаолият билан шуғулланиб, Оят тахаллуси билан шеърлар битган. Шунинг учун ҳам кўп манбаларда Абдушукур Оят номи билан тилга олинади.
Шунингдек, Бухоро амирлиги давлат бошқаруви тизимида Остонақулибек қушбеги (1888-1910 йилларда бош вазир)нинг хизмати жуда беқиёс бўлган. Унинг отаси Муҳаммад Шариф Амир Музаффархон даврида молия вазири бўлиб ишлаган. Фарзандлари ва невараларини барчасини ўқимишли қилиб тарбиялаган, фарзандлари кўп бўлган, улар Чор Россияси ҳудудларида яшаб, ижод қилган. Чор Россияси интервенцияси туфайли Бухородан чиқиб, Чоржуй, Душанбе, Чимкент ва Самарқандда яшаган. Остонақулибек қушбеги Бухоро амири ишда йўқ вақтида давлатни ўзи бошқарган, жуда ақлли ва билимдон сиёсатчи бўлган. Бош вазир лавозимидан кетгандан сўнг 1910 йилларда Зиёвуддин ҳокими этиб тайинланган, сўнгра Мирбозор, Хатирчи ҳокими вазифасида ишлаган. Умрининг охиригича амирликда вақф ишлари вазири вазифасини бажарган. Зиёвуддин ҳокимлигидан ишдан кетганида ўз ўрнига ўғли Раҳимбекни Зиёвуддин ҳокими этиб тайинланган.
XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошларида яшаб ижод қилган муаррихлардан яна бири Мирзо Салимбекдир. Унинг тўла исми Мирзо Салимбек ибн Муҳаммад Раҳим бўлиб, 1850 йилда Бухорода таваллуд топган. У 20 ёшлигидаёқ ўзининг саводлилиги билан танилиб, Бухоро амирлигининг Нарпай ва кейинчалик Зиёвуддин ҳокимининг котиби этиб тайинланган.
Ўша йилларда Муҳаммад Содиқхўжа Гулшаний “Тарихи ҳумоюн” асарини ёзган. Асар муаллифи тарихчи ва шоир Мулло Муҳаммад Содиқхўжа тахминан 1861 йили Бухоро шаҳрида туғилган. Ҳам мударрис, ҳам муфтий бўлган отаси Муҳаммад Мирсаид хонадонида тарбия топганлиги, қолаверса хўжалар наслидан эканлиги сабабли Муҳаммад Содиқхўжа ўз даврининг саводли ва билимли кишиларидан бўлган. Замондошларининг хотираларида, хусусан, муаллифнинг дўстларидан бири бўлган Садри Зиёнинг асарида келтирилишича, Муҳаммад Содиқхўжа – Гулшаний тахаллуси остида ижод қилган.
Садриддин Айний маълумотига кўра, Мулло Муҳаммад Содиқхўжа Гулшанийни машҳур олим Аҳмад Дониш билан бир маҳаллада истиқомат қилган ва у билан доимий алоқада бўлган сафдошларидан биридир. Бу ҳам ўз навбатида Мулло Муҳаммад Содиқхўжа Гулшаний яшаган илмий ижодий муҳит қай даражада юқори бўлганлигидан далолат беради. Гулшанийнинг ақл заковати, унинг Бухоро амирликдаги ер-сув муносабати масалаларини ҳам муаллиф ҳар бир ҳудуд кесимида ёритган.
Мисол учун, Қарнаб тумани (ҳозирги Пахтачи туманидаги энг қадимий катта аҳоли пункти) сув ҳуқуқида амирликнинг бошқа ҳудудида учрамайдиган ҳолатлар тавсифланади. “Қарнабнинг марказида жуда тоза ва тотли булоқ борки, у ердаги аҳолининг ичимлик ва суғорма суви шу булоқдандир. Аҳоли ўртасида сув олди-сотдиси йўлга қўйилган бўлиб, “ҳаққоба”, яъни, сув ҳақи жуда қиммат туради. Ерни бир соатлик суғориш нархи бир кўза сув ўлчовида минг дирҳам этиб белгиланган. Агар киши ўз ерини бир кеча-кундуз суғормоқчи бўлса бу унга йигирма минг дирҳамга тушади. Қарнабнинг тўртдан бир қисми чўлдан иборат бўлиб, унинг атрофи бўйлаб ҳар бир ёки ярим фарсаҳ кенгликда Қирбулоқ, Найманбулоқ каби булоқлар жойлашган. Ҳудуд аҳолиси ўзига тўқ ва бой бўлиб, фақатгина лалмикор ерлар ҳисобидан тўланадиган бироз миқдордаги солиқни ҳисобга олмаганда, боғларидан тушадиган ҳосилдан умуман харож солиғи тўлашмайди”.
Қарнаб қишлоғи Бухоро амирлиги даврида Кармана беклигига яқин қишлоқлардан бири деб илмий таъриф этилган. Жумладан, Мулла Муҳаммад Содиқ Гулшаний ўзининг “Тарихи Ҳумоюн” асарида, “Қарнаб касабаси Карминадан 5 фарсах жануброқ масофада жойлашган. Аҳолиси ўзбеклар, қирқ йигит, бўз бола, учирув каби кўчманчи уруғлардан иборат. Қарнаб ҳудудида етти минг оила истиқомат қилади, қишлоқ марказида бир катта масжиди жомъе ва тўртта оддий масжид бор” деб маълумот берган.
Шунингдек, Низомиддин ибн Садриддин ал-Бухорийнинг “Рисолаи Қарнаб ота”, “Рисолаи Ҳазрати Нурота” ва бошқа асарларида ҳам бу жойларда яшовчи аҳолининг ҳаёт тарзи тасвирланган.
Миёнқол вилояти туманлари Бухоро туманларидан фарқли равишда кўпроқ чорвачиликка мослашган. Мисол учун, Зиёвуддин, Нарпай ва Қалъаи Дабус ўзбекларида йилқичилик ривожланган бўлиб, жуда чиройли ва тез чопарлиги учун пойтахтга отлар асосан шу ҳудудлардан етказиб берилган. Шунингдек, бу ерда етиштириладиган буғдойнинг довруғи бутун Туркистонга етган. Ушбу ҳудудда чорвачилик ва деҳқончилик булоқларнинг кўплиги ва сувнинг сероблиги туфайли ривожланган. Мисол учун, муаллиф Нуротадаги бир булоққа “Бир булоғи бир дарё қилган ишни қилади”, яъни бир дарё суғоришга қодир ерларни суғоради, деб таърифлайди. Булоқлардан ташқари Нурота суғориш тизимида коризлардан фойдаланиш кенг йўлга қўйилганди. Қадимдан бу ҳудудда уч юз олтмиш кориз мавжуд бўлиб, асар ёзилган даврда унинг юзтаси ишчи ҳолатда бўлган.
Кейинчалик, археолог олимлар томондан туманнинг бу қадимий худудларида илмий изланишлар амалга оширилиб, кўплаб тарих асарлари яратилган.
Тим, Қарнаб атрофларида неолит даврига доир жамоаларнинг излари топилган бўлиб, улар Ургут туманидаги Омонқўтон, Севасой, Қоратепа тоғларидаги излар билан боғлиқлиги аниқланган. Бу жойлардан майда молларнинг суяклари, туёқ излари чиққан бўлиб, неолит давридаги чорвадорлар бўлиши мумкин.
Қишлоқнинг асл номи Қарноб бўлиб, аҳолиси қарнобий (қарноблик) деб юритилган. Кейинчалик сўз шакли бироз ўзгариб, манзил “Қарнаб” шаклида қўлланган, аҳолиси эса қарнабий (қарнаблик) деб аталган. Қарноб ҳудудидаги ноёб обидалар бу масканнинг ўта қадимийлигини исботлайди. Ўтмишда бу кенгликларда яшаган инсон қавми Қарноб бағридаги қоя, сой, дара тошларига қаттиқ буюмлар билан уриб-чўкичлаб суратлар солишган. Дара, қоя тошидаги тоғ такаси, Зирабулоқ, Зиёвуддин тоғларининг жанубий томонидаги тошлардаги бурма шохли эчкилар, от устидаги овчи, икки ғилдиракли арава шакллари бобокалонларимизнинг турмуши, маданий ҳаёти ҳақида безабон ҳикоя қилади.
Қарнаб ҳақида, унинг тарихи, қишлоқ атрофидаги қадимги қалай конлари, бошқа ер ости бойликлари, чорвачиликнинг илғор тажрибаси ҳақида ўтган асрнинг 50-йилларида олимлар, жумладан, филология фанлари доктори, профессор Н.Ражабовнинг "Ўзбек тилининг Қарнаб шеваси" (С:1959) мавзуидаги илмий иши, П.Кулангиев, С.Вейцбмомларнинг "Передовой каракулеводческий колхоз "Ленинчи-чорвадор” (Т:1955) асари, Б.Литвинскийнинг "К истории добыче олова в Узбекистане" (Т;1950) китобларида маълумотлар келтирилган.
Нафақат ҳозирги замон олимлари томонидан, ўтган замонларда ҳам Зиёвуддин-Зирабулоқ тоғлари (Қарнаб тоғлари) табиий бойликларга, вольфрам, қалай, мис, олтин ва бошқа полиметаллар, металлогеникларга бой бўлган провинциялар ҳисобида тилга олинган. Ғарбий Ўзбекистондаги Зиёвуддин-Зирабулоқ, Нур-Ота ва Қизилқум тизмалари эса олтинга бой ўлкалар ҳисобланган. Кўплаб қадимий қўлёзма ва уларни иккиламчи нашрлари таҳлилига кўра, шарқшунос олимларнинг (В.В.Бартольд, М.Е.Массон, М.П.Грязнов, Б.А.Литвинов, М.А.Абдураимов, О.И.Исломовлар) тасаввурларига асосан (соф) олтин ва қимматбаҳо тошлар Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида тош асридан бошлаб қўлланилганлиги аниқланган.
***
Зиёвуддин шаҳарчаси тарихини ўрганиш ҳамда ушбу мақолани ёзиш учун жуда кўп манбаларга мурожаат қилдим. Масалан, Ибн ал-Асирнинг «Ал-Камил фи-т тарих” асари, 1971 йилда чоп этилган “Ўзбекистон тарихи” китоби, тарихчи олим Исмат Санаевнинг Зиёвуддин ва Дабусқалъа тарихи ҳақидаги туркум мақолалари, шунингдек яна ўнлаб тарихий китобларни ўқиб, унда ёзилган тарихий шахслар, манзил ва воқеаларни изчил ўргандим. Албатта, тарихни яратиш осонмас. Зиёвуддин ва Дабусқалъа тарихини қандай бўлса, шундайлигича асл ҳолда авлодларимизга етказиш учун ҳали кўп ўрганишлар олиб боришимиз зарур. Бу борада тарихчилар, ёши улуғ кишилар ва ушбу манзилларнинг мозий ҳаёти билан қизиққанлар ва тарихий манбаларни ўқиб, ўрганганлар билан ҳамкорлик қилсак нур устига аъло нур бўлар эди.
Комил ИСМОИЛОВ,
тарих фанлари номзоди.