Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг вилоят тадбиркорларига МУРОЖААТИ

Азиз юртдошлар!

Ҳурматли тадбиркорлар!

“Миллий тикланишдан миллий юксалиш” сари одимлаётган мамлакатимизда халқимизнинг яшаш шароитини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали юртимиз иқтисодий салоҳиятини ошириш, мақсадлари юксак фуқароларимизнинг ишбилармонлик ва тадбиркорлик қилишлари учун барча ҳуқуқий асос ва шароитлар яратилди.

Тадбиркорлик – инновацион ва замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этиладиган иқтисодий йўналиш сифатида тараққиёт омилига айланиб бормоқда.

Бугун жамоатчилик ва халқимиз тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган ишлаб чиқаришдан тортиб, бунёдкорликкача, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришдан тортиб боғ-роғлар бунёд этишгача, турли хизматлардан тортиб туризмни ривожлантиришгача бўлган ҳамма жараёнларни кузатиб турибди.

“Фаол тадбиркор” деганда, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган фидойи инсонлар қатлами тушунилади.

Вилоятимизда ҳам соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ёш, иқтидорли ва тажрибали ишбилармон тадбиркорларимиз барча соҳаларда жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариб, уларни “Ўзбекистон бренди” остида дунё бозорларига экспорт қилмоқдалар.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар жамиятимизнинг етакчи кучига айланиб бормоқда.

Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида  2019 йил 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”, деган фикр илгари сурилди ва бу фикрни барчамиз бирдек англаб олишимиз керак.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутлақо янги тизим яратилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

Бундай шарт-шароит ва имтиёзларга эга бўлган ҳиммати баланд ва шижоатли тадбиркорларимиз “Мен самарқандликман” деган номга муносиб бўлиш иштиёқида фаолият юритиб, янги иш ўринлари яратмоқдалар. Бундай тадбирли кишиларга “Балли Сизга, жонкуяр ва жонфидо тадбиркорлар, иқтисодий юксалишимиз ва фаровонлигимиз локомотивлари!” десак арзийди.

Қадрли тадбиркорлар!

Муҳтарам Президентимиз сизларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз, самарали фаолият юритишингиз учун барча шароит ва имкониятларни яратиб қўйдилар. Аввало, жойларда Бош вазир қабулхоналарининг ташкил этилгани, ушбу имконият натижасида Сиз, тадбиркорларнинг ҳар бир муаммонгиз ижобий ечим топаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, Бош вазир қабулхоналарига жорий йилнинг 10 ойи давомида 2480 нафар тадбиркорлик субъекти мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 2307 тасининг муаммоси ижобий ҳал этилди. Ушбу мурожаатларнинг 955 таси кредит, 464 таси ер ажратиш масалаларида бўлган. Бу эса ушбу соҳаларда ҳали талайгина муаммоларимиз борлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, бугунги кунга қадар 44 маротоба тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича ҳар ҳафтанинг душанба куни “Душанба – тадбиркорлар куни” ўтказилди.

Мазкур қабулларда 1461 та тадбиркорлик субъекти томонидан турли даражадаги муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, уларнинг 1048 таси (72 фоизи) ижобий ҳал этилди, 301 таси (21 фоизи)га тушунтириш, 112 таси (7 фоиз)га рад  жавоблари берилди.

“Тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим масала бор. Бу - уларга ер ажратиш ва кредит беришдир.

Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади.

Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб (вилоят, республика банклари ваколатларини тумандаги банкларга бериш орқали), ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади”.

Азиз ишбилармонлар!

Бугунги кунда вилоятимизда 26 600 та кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг сони жорий йилда 8500 тага кўпайиши кутилмоқда. Оилавий тадбиркорлик кенг тус олмоқда. Йил давомида хорижий инвестиция иштирокида 144 та янги корхоналар ишга туширилиб, уларнинг сони 500 тадан ошди.

Айни кунда янги, кластер тизими иқтисодиётимизга изчил кириб келяпти. Жумладан, вилоятимизда пахтачилик тармоғида 8 та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилди. Натижада ушбу кластерларда нафақат ғўзани етиштириш, балки пахтани йиғиштириб олиш ва қайта ишлаш, ип-калава, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Энг муҳими, кластерлар томонидан хориждан 1500 дан ортиқ замонавий қишлоқ хўжалик техникалари харид қилинди. Бундан ташқари, вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган 22 та агрокластер фаолият юритмоқда. Уларда йил давомида 106.0 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш, 7 минг тонна маҳсулотни қуритиш, 28.0 минг тонна маҳсулотни саралаш ҳамда 16 минг тонна маҳсулотни сақлаш имконияти мавжуд.

2020 йилда кластер тизими янада кенг ривожланиб, ғаллачилик йўналишида 19 та кластер корхоналари ташкил этилади.

Ҳудудий дастурлар доирасида 2019 йилнинг якуни билан 6 триллион сўмлик 801 та лойиҳа амалга оширилиши ва 16 094 та иш ўринлари яратилиши таъминланади. Бунинг натижасида қўшимча 25 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, 200 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.

Масалан, Самарқанд шаҳридаги “Азия металл Проф” масъулияти чекланган жамиятида метални қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Хитой давлатидан 17,0 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилди.

“Мароқанд мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамиятида қиймати 205,3 миллиард сўмлик, қуввати 20 минг тонналик музлаткичли омборхона ташкил этилди ва 100 дан зиёд иш ўринлари яратилди.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурларида асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, паррандачилик, узумчилик, чорвачилик соҳаларида 1,2 триллион сўмлик 400 га яқин лойиҳа амалга оширилди.

2019 йилнинг ўтган даври мобайнида Самарқанд тадбиркорлари ҳамда Хитой, Жанубий Корея, АҚШ, Таиланд, Ҳиндистон, Россия, Қувайт, Венгрия давлатлари корхоналари иштирокида 12 маротаба бизнес форумлар ва В2В учрашувлар ўтказилди. Мазкур форумлар доирасида 15 дан зиёд келишувлар асосида умумий қиймати 334 миллион доллар миқдорида инвестиция лойиҳалари имзоланди.

2019 йилнинг 10 ой давомида вилоятимизнинг 425 та экспортёр корхоналари томонидан жами 242,0 миллион долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ошди. Ушбу даврда 75 та янги корхона экспортга жалб қилиниб, улар томонидан 35 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Шу билан бирга 12 турдаги янги маҳсулот экспортга йўналтирилиб, экспорт ҳудуди 5 та янги давлатга кенгайтирилди.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2019 йил учинчи чорак якуни билан 152,4 миллиард сўмлик 28 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу маҳсулотларни сотиш ҳажми 153,8 миллиард сўмни ташкил этиб, 3,4 миллион долларлик маҳсулот экспортга чиқарилди. Иқтисод қилинган валюта миқдори 16,6 миллион АҚШ долларни ташкил этди.

Маҳаллийлаштириш янги дастурлари устида ишлар олиб борилмоқда, 2020 йилда 255,8 миллиард сўмлик ва 2021 йил 287,1 миллиард сўмлик маҳалийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшимча лойиҳалар тақдим этилди. Бу кўрсатгич 2019 йил якуни билан кутилаётган прогноз кўрсаткичидан (190,1 миллиард сўм) 2020 йилда 34,6 фоизга, 2021 йилда 51 фоизга оширилиши белгиланган.

Банкларимиз томонидан тадбиркорларга жами 5,7 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди, айниқса кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида “Ҳар бир оила - тадбиркор”,  “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси”, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш жамғармаси”, “Бандликка кўмаклашиш жамғармаси”, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурлари доирасида 473,0 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Азми қатъий ва шижоаткор тадбиркорлар!

Бундан буён тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар, 4 та сектор раҳбарлари “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” мезони асосида иш фаолиятимизни ташкил этамиз. Бунда ҳар бир идоранинг кун тартибидаги устувор вазифаси – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлади.

“Эндиликда тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралар фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар”.

Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган Самарқанд салоҳияти ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, саноат ва туризмни ривожлантириш йўлида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.

Тадбиркорларимиз томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича тақдим этилган 506 миллион долларлик 320 та лойиҳани амалга ошириш, 100 миллион доллар инвестиция киритиш ҳисобига туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, 270 та 800 миллион долларлик саноат дастурларини амалга оширишда ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимизда бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқаришдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.

Шу билан бирга, ўтган йилларда минглаб ёшлар ўз бизнесини бошлаб тадбиркор бўлиб етишди, энди бошлаётганлар ҳам бор. Биз уларни эътиборсиз қолдирмаймиз. Уларнинг бизнес-лойиҳаларини ишлаб чиқишдан тортиб, ишини йўлга қўйгунча кўмак берамиз.

Бир нарсани чуқур англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз – вилоятимизнинг келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир.  

Вилоятдаги 4 та сектор раҳбарлари, барча бўғиндаги бошқарув ва назорат органлари тадбиркорликнинг ривожланишига халақит қилаётган  тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш ҳамда ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг кафолатларини таъминлайди.

Бунда:

тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки Сизларга фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қараймиз;

ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади ҳамда тадбиркорлар мол-мулки дахлсизлиги таъминланади;

тадбиркорлар иштирокида турли мажлисбозликка чек қўйилади, маҳаллий ҳокимлик идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай барҳам берилади.

Тадбиркорлик фаолиятига боғлиқ бўлган давлат идораларининг барча ходимлари билиб олсин - бюрократия, тадбиркорларимизга тўсиқ бўлиб уларнинг қимматли вақтини олиб сансоларликка йўл қўйганларга кескин чоралар кўрилади.

Агарда сизнинг фаолиятингизга ноқонуний аралашувларга йўл қўйилса ёхуд қайсидир жабҳада Сизларга кўмак зарур бўлса менинг доимий ишловчи телеграм мессенжеримга (97 405-40-06), facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифам, вилоят ҳокимлигида ташкил этилган 24 соат ишловчи (1177) ишонч телефонлари орқали ёхуд савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида ҳафтанинг душанба куни “Тадбиркорлар қабули”га, ҳафтанинг чоршанба куни “Инвесторлар куни” муносабати билан ўтказиладиган қабулларимга келиб, шахсан мурожаат қилишингиз мумкин. Биз албатта, Сизнинг муаммонгизни қисқа муддатларда ҳал этиш ҳамда амалий ёрдам бериш чораларини кўрамиз.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Сизлар бугун нафақат ишлаб чиқарувчи, яратувчи, бизнес олами, балки жамоатчиликнинг фаол вакилисиз. Сиз халқ билан бирга, халқ дарди ва қувончи билан яшайсиз. Шу боис тадбиркор билан янада жипслашиб ишлаш, уларнинг дарди-ҳолини эшитиш, муаммоларига тезда ечим топиш асосий вазифамиз бўлиб қолади.