Самарқанд вилояти ҳокими ташаббуси билан Мустаҳкамга уй ажратиш белгиланди
Самарқанд вилоятида таҳдид ва зўравонликка учраган хотин-қизларни ҳимоя қилиш, тазйиққа дуч келган аёлларга ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун брифинг ташкил этилди.
Брифингда вилоят ички ишлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари вакиллари сўзга чиқиб, бугун вилоятда мазкур масалада олиб борилаётган ишлар бўйича ахборот берилди. Брифинг аввалида ички ишлар вазирлиги хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Умида Абдуллаева хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоялаш бўйича республика миқёсида олиб борилаётган ишлар, ҳимоя ордери берилган аёлларга кўрсатилаётган ёрдам ҳамда аёлга нисбатан куч ишлатган шахсларга қўлланилаётган чоралар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг вилоятдаги тегишли бошқарма вакиллари Самарқандда бу борада олиб борилаётган ишлар, хусусан, ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган Мустаҳкам ва унга кўрсатилаётган ёрдам бўйича маълумот беришди.
- Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгач, вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан вазият назоратга олиниб, дарҳол аёлнинг шахси аниқланиб, топилди, айбдорга тегишли тартибди чора кўрилди, - дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Жумаева. – Жабрдийда вилоятда зўравонликдан жабр чеккан хотин-қизлар учун мўлжалланган марказга фарзандлари билан жойлаштирилиб, унга тегишли тартибда ёрдам чоралари кўрилмоқда. Унга тиббиёт ходимлари, руҳшунос ёрдами кўрсатилди. Ҳозирда аёлнинг соғлиги, руҳий ҳолати анча барқарор ҳолатга келиб қолган. Яқинда вилоят ҳокими ташаббуси билан Мустаҳкамга уй бериш чораси кўрилмоқда.
Тадбир давомида бошқа мутасадди идоралар вакилларининг тўлиқ фикрлари билан сайтимизда бериладиган видеолавҳалар орқали танишишингиз мумкин.