Самарқанд вилоятида 5 та округда такрорий овоз ўтказилади
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлиги учун кечган сайловда 56 округда депутатлар сайлангани, 4 округда номзодларнинг биронтаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмагани туфайли депутатлар сайланмаганини эълон қилганди.
Округ сайлов комиссияларининг якуний баённомалари ўрганиб чиқилганда, яна 1 та сайлов округида сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида хатоликка йўл қўйилганлиги аниқланди.
Бу ҳақда вилоят сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.
Брифингда комиссия раиси С.Нуриевнинг қайд этишича, хатолик сайлов натижаларини ҳисоблаш билан боғлиқ бўлиб, тўпланган овозларни номзодлар ўртасида фоиз кўринишида тақсимлашда юз берган.
Яъни, 45-Арабхона сайлов округида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзодларнинг биронтаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмаганлиги сабабли мазкур округдан депутат сайланмади.
Сайлов кодексига мувофиқ сайлов округи бўйича депутатликка номзодлардан қўйилган бўлса-ю, улардан ҳеч бири сайланмаса, энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз бериш ўтказилади.
Мазкур нормага кўра, 2020 йилнинг 5 январь, якшанба куни 1-Боғибаланд, 5-Саттепо, 22-Жўш, 50-Дўстлик ҳамда 45-Арабхона сайлов округларида такрорий сайлов ўтказилади.
Такрорий сайловда мазкур округларда кўп овоз олган икки нафар номзод иштирок этади.
Сиёсий партиялар кесимида охирги натижалар қуйидагича:
1. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан – 13 нафар.
2. Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясидан – 12 нафар.
3. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан – 11 нафар.
4. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан – 10 нафар.
5. Ўзбекистон Экологик партиясидан – 9 нафар номзод халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланди.
Ушбу сайланган депутатларнинг 20 нафарини аёллар ташкил этади.