Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилоятида миллий сертификат учун тест синовлари якунланди

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги 646-сон қарори билан умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими жорий этилган эди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2021 йил 27 апрелдан 15 майга қадар она тили ва адабиёт ҳамда математика, 17 майдан 30 майга қадар эса кимё ва биология фанларидан миллий сертификатлаш тизими учун талабгорлар онлайн рўйхатга олинди.

Рўйхатдан ўтган талабгорлар учун 2021 йил 9 июнь куни кимё ва математика фанидан, 10 июнь куни эса биология, она тили ва адабиёт (рус тили ва адабиёти) фанларидан миллий сертификат учун тест синовлари бўлиб ўтди.

Тест синовлари Самарқанд давлат чет тиллар институти биносида ўтказилди.

Талабгорларга тест топшириқларини ишлаш ва жавоблар варақаларини бўяш билан бирга биология фанидан 120 (2 соат) дақиқа, бошқа фанлардан эса 180 (3 соат) дақиқа вақт ажратилди.

Тест синовлари адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида жараёнлар тўлиқ видеокузатув камераларига ёзиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга сертификат берилади.