Самарқанд вилоятининг қайси ҳудудларида нечта “Замонавий мактаб”лар ташкил этилади?
Умумий ўрта таълим мактабларидаги мавжуд ҳолатни яхшилаш, уларнинг фаолиятидаги тизимли муаммолар ва камчиликларни тезкор бартараф этиш механизмларини яратиш, қишлоқ ва шаҳар мактабларининг моддий-техник таъминоти ва таълим бериш сифатидаги тафовутни қисқартириш, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни янада кенгайтириш мақсадида жорий йилнинг 26 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Замонавий мактаб”ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, янги турдаги умумтаълим муассасаларини барпо этиш ва муқаддам қурилган биноларни босқичма-босқич замон талабларига мослаштириш, ўқув-тарбия жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш борасида бир қатор аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2020 йил мартга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда хорижий тажриба ҳамда мамлакатнинг табиий иқлим шароитларига мос “Замонавий мактаб”ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқади. Умумтаълим муассасаларини замонавий мебель ва жиҳозлар, ўқув лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультмедиа ҳамда видео-кузатув воситалари билан жиҳозланишига алоҳида эътибор қаратилиб, янги меъёрлар қўлланилади.
“Замонавий мактаб”ларнинг дарсликлар ва ўқув қўлланмалар, бадиий ва бошқа адабиётлар билан таъминланганлигига, ўқув-тарбия жараёни, ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланишига ҳамда дарсдан ташқари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, раҳбар ва педагог-ходимларга қўйиладиган талаблар ҳам ишлаб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” давлат унитар корхонаси умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаблар”га қўйилган талаблар асосида баҳолаш бўйича масъул ташкилот ҳисобланади. Бундай баҳолаш орқали уларга мувофиқлик сертификатини бериш, баҳолаш жараёнига тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, етакчи хорижий консалтинг компанияларини жалб этиш, замонавий ва шаффоф баҳолаш услубларини жорий этиш бўйича илғор тажрибаларни оммалаштириш “Инновация, технология ва стратегия маркази” ДУКнинг қўшимча вазифаларидир.
Қарорга мувофиқ, 2020-2022 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаб” талаблари асосида янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг асосий параметрлари тасдиқланди.
Хусусан, 2020 йилда Самарқанд вилоятидаги 16 та умумий ўрта таълим мактабида реконструкция, 5 тасида мукаммал таъмирлаш, 2021 йилда 31 та, 2022 йилда эса 30 та, жами 82 та умумий ўрта таълим мактабида реконструкция ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланди.
Туман ва шаҳарлар кесимида олиб қараганимизда 2020-2021 йилларда Самарқанд ва Жомбой туманларида 1 тадан, Тойлоқ, Иштихон ва Нарпай туманларида 2 тадан, Нуробод ва Пахтачи туманларида 4 тадан, Ургут ва Каттақўрғон туманларида 6 тадан мактаблар, шунингдек, Қўшработ туманидаги 3 та, Самарқанд шаҳридаги 8 та, Пайариқ туманидаги 9 та, Паст Дарғом туманидаги 12 та ҳамда Оқдарё туманидаги 16 та мактабларда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қарорда назарда тутилмаган умумий ўрта таълим мактабларини “Замонавий мактаб” талаблари асосида комплекс ривожлантиришни амалиётга татбиқ этиш учун халқаро молия институтларининг кредит ва грантлари жалб этилади.
Абдуҳошим ЗИЁДОВ,
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.