Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори

Самарқанд вилоятининг 2019 йилги маҳаллий бюджети параметрларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг ("Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2013 йил 31 декабрь, 52-(1)-сон) 28, 99-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 13 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида"ги СҚ-348-III-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга мўлжаллари тўғрисида"ги ПҚ-4086-сонли қарори ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2018 йил 26 декабрдаги "Самар­қанд вилоятининг 2019 йилги маҳаллий бюджет параметрлари тўғрисида"ги 329/59-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йил 26 декабрдаги ЖК/20-01-32-10/724-сонли хати ҳамда "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) 6, 25-моддаларига асосан ҚАРОР ҚИЛАМАН:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга мўлжаллари тўғрисида"ги ПҚ-4086-сонли ва халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2018 йил 26 декабрдаги "Самарқанд вилоятининг 2019 йилги маҳаллий бюджет параметрлари тўғрисида"ги 329/59-сонли қарорлари ижро учун қабул қилинсин.
  2. Қуйидагилар:

Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг 2019 йилги параметрлари 1-иловага мувофиқ;

Самарқанд вилояти шаҳар ва туманлари бўйича 2019 йилги даромадлари, харажатлари ва ижтимоий соҳа учун трансфертлари ҳажми 2-иловага мувофиқ;

Самарқанд вилояти шаҳар ва туманлари маҳаллий бюджетларининг 2019 йилга захира жамғармаси маблағлари миқдори 3-иловага мувофиқ;

Самарқанд вилояти шаҳар ва туманлари маҳаллий бюджетларининг 2019 йилга айланма касса маблағлари меъёрлари 4-иловага мувофиқ;

2019 йилда даромад ва солиқлар тушумларидан вилоятдаги шаҳар ва туманларнинг бюджетларига ажратмалар меъёри 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларига солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан қўшиладиган даромадлар тегишли бюджет параметрларида кўзда тутилмаган харажатларга йўналтирилишига йўл қўйилмасин.
  2. Вилоят молия бош бошқармаси (Б.Мирзаев):

даромадлар ва харажатлар ўртасидаги вақтинчалик касса тафовутларини қоплаш мақсадида шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларига вилоят маҳаллий бюджетидан мақсадли трансфертлар ва ссудалар ажратишда ҳудудлар бўйича барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ туширилишини назоратга олсин;

иш ҳақи, нафақалар ва уларга тенглаштирилган тўловлар бўйича вилоят маҳаллий бюджетининг харажатларини биринчи навбатда сўзсиз молиялаштириш зарурлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаштирсин.

  1. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағларини олувчиларнинг харажатлар сметасида кўзда тутилган иш ҳақи, нафақалар ва унга тенглаштирилган тўловлар вилоят, туман ва шаҳар маҳаллий бюджетларининг тасдиқланган харажатлари параметри доирасида амалга оширилсин.
  2. Шаҳар ва туманлар ҳокимлари вилоят бюджетидан бюджет ссудалари олиш учун сўровнома киритишда уларни қоплаш муддати ва манбалари тўғрисида тўлиқ ахборот тақдим этиши лозимлиги белгилаб қўйилсин.
  3. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари (Ш.Худойбердиев), вилоят молия бош бошқармаси (Б.Мирзаев), вилоят "Сувоқова" ишлаб чиқариш давлат корхонаси (К.Юсупов) сув таъминоти ташкилотларининг молиявий ҳолатини қатъий назорат қилиш, уларнинг молиявий оқимлари устидан мониторинг олиб боришни таъминласин, кредитларга хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча маблағларни ундириш чораларини кўрсин ва маблағлар етмаган ҳолларда, асосий қарз ва фоиз тўловларининг қопланмаган қисмини вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча даромадлари ҳисобидан қопланиши юзасидан зарурий чоралар кўрсин.
  4. Мазкур қарор "Зарафшон" ва "Самарқандский вестник" газеталарида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг samarqand.uz расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
  5. Ушбу қарор расмий эълон қи­линган кундан эътиборан кучга киради.
  6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Худойбердиев зиммасига юклатилсин.

 

Вилоят ҳокими вазифасини

бажарувчи Э.ТУРДИМОВ

2019 йил 8 январь. № 13-Қ.