Самарқанд XVI Верона Евроосиё иқтисодий форумига мезбонлик қилади
2-3 ноябрь кунлари “Silk Road Samarkand” сайёҳлик марказида Италиянинг “Евроосиёни англаймиз” нотижорат уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташаббуси билан XVI Верона Евроосиё иқтисодий форуми ўтказилади.
Форум бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, тадбиркорлар ўртасида эркин мулоқот, бизнес алоқалар ва музокаралар учун кенг имкониятлар яратади.
Учрашувлар доирасида ўнлаб мамлакатларнинг хусусий ва давлат компаниялари вакиллари кенг кўламли масалалар бўйича фикр алмашиш имконига эга бўлади.
Форум сессияларида Европа ва Осиёнинг йирик компаниялари ва молия институтлари раҳбарлари, сиёсат ва жамоат арбоблари, мутахассислар, дипломатлар, халқаро ва ҳудудий ташкилотлар вакиллари қатнашади.
Ўнлаб мамлакатлардан мингга яқин иштирокчи, хусусан, Ўзбекистон билан бизнес алоқаларини олиб бориш ва ўзбекистонлик ишбилармонлар билан алоқа ўрнатишдан манфаатдор италиялик йирик тадбиркорлар делегациялари келиши кутилмоқда.
Маданий дастур доирасида Италян киноси фестивали, италиялик ижрочилар “Сан-Ремо юлдузлари” концерти ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, биродар тарихий шаҳарлар – Флоренция ва Самарқанднинг керамика кўргазмаси ташкил қилинади.
Верона Евроосиё иқтисодий форуми Италиянинг Верона шаҳрида 2007 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. 2022 йилда Озарбайжоннинг Боку шаҳри тадбир мезбони эди. 2023 йилда эса тарихий Самарқанд шаҳри XVI Верона Евроосиё иқтисодий форуми ўтказиладиган жой сифатида танланди.
Ғ.Ҳасанов.