Самарқанд ярим марафони бу йил “Samarkand Marathon”га айланди

Самарқанд шаҳрида кейинги йилларда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Samarkand Half Marathon” (Самарқанд ярим марафони) халқаро хайрия марафони бу йил чинакам марафон тарзида ўтди.

Марафонда 40 га яқин давлатдан  3300 дан зиёд  иштирокчи қатнашди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Умаров сўзга чиқиб, ушбу  халқаро хайрия марафони йил сайин оммалашиб бораётганини таъкидлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.

Марафон қатнашчилари 2, 10, 21,1 ва 42,2 километр масофани босиб ўтди.

Дастлаб Регистон майдонида мусобақанинг 2 километрга югуриш баҳслари старт олди.

Марафонда эркаклар баҳсида Тошкент вилояти вакили Ҳасан Мирсоатов ғолибликни қўлга киритди. У 2021 йилда ҳам финишга биринчи бўлиб етиб келганди.

Хотин-қизлар орасида ушбу масофани россиялик  Камола Аблаева биринчи бўлиб забт этди.

Мусобақанинг 10 километр масофага ўтказилган баҳсларида эркаклар ўртасида ғолиблик яна бир россиялик спортчи Александр Антоновга насиб этди. Аёллар ўртасидаги баҳсда эса Ўзбекистон вакиласи  Моҳинабону Комиловага тенг келадигани топилмади.

Марафоннинг 21,1 километрга ўтказилган баҳсларида эркаклар ўртасида Евгений Фадеев марра чизиғини биринчи босиб ўтган бўлса, аёллар ўртасида қирғизистонлик спортчи Гулшаной Сатторова биринчи бўлди.

42,2 километр масофага ўтказилган эркаклар ўртасидаги баҳсларда Қозоғистон вакили  Ислом Амонқош, аёллар ўртасида фарғоналик Екатерина Тунгускова ғолибликни қўлга киритди.

Марафон ғолиблари пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Фазлиддин Рўзибоев.