Самарқанд(18 октябрь – Самарқанд шаҳри кунига)

Самарқанд
(18 октябрь – Самарқанд шаҳри кунига)

О, гўзал Самарқанд! Ватаним менинг,
Боболардан мерос жон, таним менинг.
Ўзбекман, фидойи фарзандман сенга,
Сен боис имконим, имоним менинг.

Сени куйламоқлик ўзи зўр шараф,
Юрак ифтихорга тўлар, бокира.
Сенинг таърифингга сира йўқ қиёс,
Кўкда юлдузлар ҳам бўлмиш асира.

Дунё хазинасин бир дуридурсан,
Жаҳонгир бобомнинг суруридирсан,
Пойингда ёғийлар бераверар жон,
Ҳар битта туркийнинг ғуруридирсан.

Шаффоф булоқларинг бол, оби кавсар,
Сенда кашф этади ўзини саҳар.
Киприкларим билан гардингни артай,
Тангри назар солган, эй, буюк шаҳар.

Темур бобом қайтди қайта боғингга,
Фалакка қайтгандек олам қуёши.
Бугун мен йиғладим, бўзлаб қадримга,
Бунча чўнг бўлмаса ўзбек бардоши.

Замона шиддаткор, карвон ортидан
Тушиб қолган эллар, миллатлар қанча.
Буюк Бибихоним қасабасидан -
Тўкилган ривоят, ҳикматлар қанча.

Нима эккан бўлсанг ўрасан шуни -
Омонат дунёнинг ҳикмати аён.
Юртимга истиқлол юз бурган куни
Яна ўз боғига қайтди Кўрагон.

Денгиздай чайқалар орзиққан қалбим,
Севинч ёшларимни шеър билан артдим.
Эзгу оятларни шивирлар лабим -
Кўз тегмасин сенга, ҳеч қачон юртим.

Қўлларим кўксимда, дилимда туғён,
Бугун бекор бўлди барча ҳадиклар.
Етти иқлимдан ҳам келса гар, меҳмон
Кутиб олажакдир самарқандликлар.
Исматилло ЙЎЛДОШЕВ.