Самарқандда 10 августдан бошлаб мактаб ярмаркалари ташкил этилади

Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари 2022 йил 1 августга қадар ҳудудлар бўйича мактаб формаларини ишлаб чиқариш юзасидан тегишли амалий чоралар кўрилишини таъминлаши лозим. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг 2022 йил 31 майдаги 240-7-0-Q/22-сонли қарорида белгиланди.

Шунингдек, 1 июнга қадар вилоятдаги умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун мактаб формаларига бўлган эҳтиёж аниқланади.

Бундан ташқари, қонунчиликда белгиланган тартибда кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар фарзандлари учун мактаб формасини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан сотиб олинишида кўмаклашиш таъминланади.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан келишган ҳолда 2022 йил 10 августдан бошлаб мактаб формаси савдосини ташкил қилиш мақсадида вилоятнинг ҳар бир туман (шаҳар) марказида аҳолига қулай жойларда, мактаб ярмаркаларида мактаб формасини ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг савдо шохобчалари ташкил этилади.